Кўзлари ўйиб олинган болакай жарроҳлик амалиётини бошидан кечирмоқда

Кўзлари ўйиб олинган хитойлик болакай жарроҳлик столига ётқизилган. Бу болага сунъий кўз ўрнатиш уринишларининг илк босқичидир.

Гуо Бинга Шенжендаги хусусий касалхона шифокори кўнгилли хизмат кўрсатмоқда.

Ўрнатиладиган сунъий кўз ҳақиқийга ўхшаса-да, боланинг кўриш қобилиятини тиклолмайди.

Гуо Бин 24 август куни кўзлари ўйилган ва қонга беланган ҳолда Шанкси вилоятидан топилганди. Полиция бу ишга унинг аммаси масъул дея гумон қилади.

Давлат матбуоти ҳужумдан нима мақсад кўзлангани қоронғу экани, аммо ҳодисадан 6 кун ўтиб, боланинг аммаси ўзини қудуққа ташлаб ўлдиргани ҳақида хабар қилган.

Полиция унинг кийим-бошида Гуо Биннинг қонини топган.

Болакайнинг ота-онаси ўз ўғилларига қарши бу каби даҳшатли ҳужумга нима сабаб бўлганини билмасликларини айтишади.

Гуо Бин ва унинг оиласи жанубий Шенжен шаҳрига якшанба куни боришганди.

Image caption Сунъий кўз...

Шифокор Деннис Ламнинг матбуот котибасининг матбуотга айтишича, илк босқичда боланинг кўз косасига сунъий соққалар жойлаштирилади.

Кейин соғайишга бироз вақт берилиб, сунъий кўз қобиқларини ўрнатиш мумкин бўлади. Улар ҳаракатланиши учун эса, тўқималар ва мускулларга уланади.

Шундан сўнг, электрон сигналларни ишлаб чиқарувчи сенсор қурилмалар жойлаштирилиши режаланган. Бу билан бола шаклларни илғашга қодир бўлиши мумкин.

Ҳонг Конгда фаолият олиб борувчи Доктор Лам Гуо Бин тўғри мияга уланадиган электроник кўз технологиясининг келажакдаги тараққиётидан манфаат кўришига умид билдирган.

Унга кўра, бу технологияни амалга тадбиқ қилиш учун яна камида 5-10 йил керак бўлади.

"Ишлар охирига бориб муваффақиятли якун топадими, йўқми билмаймиз. Аммо, натижа кутилганидек бўлса, биз нима учун буни жажжи Бин-Бинга қўлламаслигимиз керак?" деб айтган шифокор матбуот анжуманида.

Бу мавзуда батафсилроқ