Тадқиқот: ёмон отага катта мояк баҳонами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи spl
Image caption Олимларга кўра, айрим оталар табиатан болажон бўлишади

Америкалик олимларга кўра, ота моягининг катта-кичиклиги унинг фарзанд тарбияси билан қанчалик кўп ёки кам машғул бўлишига таъсир кўрсатади.

Атлантадаги Эмори университети тадқиқотчиларининг фикрича, мояги кичикроқ бўлган оталардан боланинг таглигини алмаштириш, овқатлантириш ёки чўмилтиришни кутиш мумкин.

Олимлар шунингдек, мояк ҳажми катта ва кичик бўлган оталарни фарзандларининг суратига қараб турган пайтлари уларнинг мия сканларида фарқ борлигини кўришган.

Аммо бошқа омиллар, жумладан, маданий анъаналар ҳам муҳим рол ўйнайди.

Мояк ҳажми билан жинсий алоқа ўртасидаги боғлиқлик ҳайвонларда кучли бўлиши аниқланган.

Мояги катта ҳайвонларнинг "жазманлари" ҳам кўпроқ бўлади.

Олимлар эркакларнинг жуфтлашиш билан бола тарбияси ўртасида вақт ва кучни қандай тақсимлашлари тўғрисидаги тадрижий назарияни ўрганишган.

Маълум бўлишича, мояги катталар туғилган боланинг тарбияси билан машғул бўлишдан кўра, янада кўпроқ бола туғдиришга мойил бўлишади.

Урчиш ва оталик бурчи

Proceedings of the National Academy of Science журналида эълон қилинган тадқиқот бир ёшдан икки ёшгача фарзандлари бўлган 70 нафар эркакда мояк ҳажми билан оталик фазилатлари ўртасидаги боғлиқликни ўрганган.

Олимлар мояклари кичик бўлган оталар фарзандларининг суратларига қараб турган пайтлари миянинг руҳий тақдирлаш учун масъул ёки маълум ҳаракатга ижобий муносабат кўрсатадиган қисмида катта фаолликни кузатишган.

Томография тасвирлари тадқиқ этилган гуруҳдаги энг катта ва энг кичик моякка эга оталар ўртасидаги фарқ уч баробар эканини ўртага чиқарган.

Моягининг ҳажми ўртачадан кичикроқ бўлган эркаклар оталик бурчларини фаол адо этишга мойилликлари аниқланган.

Олимлар бу каби хулосага отанинг ўзи ва боланинг онаси билан бўлган мулоқотлардан сўнг келишган.

"Бу шуни кўрсатадики, баъзи эркаклар табиатан бошқаларидан кўра болажон бўлишади. Аммо бу бошқа эркаклар учун баҳона бўла олади, деб ўйламайман. Бу баъзилардан кўпроқ ғайрат талаб қилиши мумкин, холос", - деган Би-би-си билан суҳбатда тадқиқотчилардан бири Жеймс Риллинг.

Олимларга кўра, мояк ҳажми, ҳойнаҳой, тестостерон гармонининг даражаси ҳисобига отанинг ўзини тутишига таъсир кўрсатади.

Аммо мояк ҳажми билан оталик сифатлари ўртасидаги аниқ боғлиқлик ҳозирча маълум эмас.

Америкалик олимларнинг хулосаларини тасдиқлаш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказилиши, жумладан, бола туғилишидан олдин ва кейин мояклар ҳажмидаги ўзгаришни ўрганиш керак бўлади.

Атланталик олимлар болалар тарбияси ва оталарнинг роли борасида маданий анъаналарнинг ўрнини ҳисобга олишмаган.

Тадқиқотда қатнашган барча эркаклар атланталик бўлишган ва бу хулосаларда нуқсон бўлиши мумкинлигини англатади.