Осиёлик эркакларнинг деярли чораги "жинсий зўрлаганини тан олади"

Image caption Деҳлида ўтган декабрда юз берган гуруҳ зўрлаши ҳодисаси Осиёдаги аёлларга бўлган муносабатларга эътиборни кучайтирди

БМТнинг Осиёда аёлларга қарши зўравонликни тадқиқ қилишга қаратилган сўровида иштирок этган эркакларнинг деярли бир чораги ўз умри давомида камида бир марта аёлни жинсий зўрлаганини тан олган.

Жинсий зўрлаш ўз аёлига қарши айниқса кўп қўлланилиши аниқланган. Бироқ, ҳар 10 кишидан бири бегона аёлни зўрлаганини тан олган.

Сўровда олти мамлакатда яшовчи 10 минг эркак иштирок этган.

Бу аёлларга қарши зўравонлик нақадар кенг тарқалганини аниқлашга қаратилган илк халқаро тадқиқотдир.

Зўрлаганини тан олган эркакларнинг деярли ярми буни бир мартадан кўп содир қилганини айтган.

Жинсий зўрлаш ҳоллари мамлакатдан мамлакатга қараб фарқ қилади.

Папуа Янги Гвинеяда сўроқ қилинган ҳар 10 эркакдан олти нафари аёлни жинсий алоқага зўрлаганини тан олган.

Энг кам зўрлаш ҳоллари Бангладешнинг катта шаҳарларида ва Шри Ланкада юз бериши аниқланган.

Камбоджа, Хитой ва Индонезияда сўралганларнинг деярли ярми жинсий зўрлашга иқрор бўлганлар.

Тадқиқот нуфузли тиббий Лансет журналида чоп қилинди.

Муаллифлар мазкур тадқиқот бутун Осиё ва Тинч уммони минтақасидаги вазиятга далил бўла олмаслигини айтишган, бироқ сўроқ қилинганлар ўз мамлакатларидаги вазият бўйича етарли маълумотни етказиб берганлар.

Эркаклардан қуйидаги саволлар сўралган:

1. Сиз аёлингиз истагига қарши равишда, ва у сизнинг аёлингиз бўлгани учун рози бўлишини ўйлаб туриб, у билан жинсий алоқа қилганмисиз?

2. Сиз ўз қаршилиги ё розилигини изҳор қила олмайдиган, спиртли ичимлик ёки наркотик таъсири остида бўлган аёл ё қиз билан жинсий алоқада бўлганмисиз?

Жинсий зўрлашни тан олганларнинг деярли уч чораги бундай қилишга ҳуқуқли бўлганлари туфайли шу ишга қўл урганларини айтишган.

"Улар аёлнинг розилигисиз ҳам у билан жинсий алоқага киришга ўзларини ҳуқуқли деб билганлар," - дейди муаллиф Доктор Эмма Фулу.

Иккинчи энг кенг тарқалган сабаб - кўнгилҳушлик ёки зерикиш экани аниқланган.

Учинчи сабабга кўра, зўрлаган эркак аёлни жазолаш истагида бўлган ёки ғазабланган бўлган.

"Энг кутилмаган топилма шуки, зўрлашга ундаган омиллар ичида алкоголь катта роль ўйнамаган," - дейди Доктор Фулу.

Болалигида зўравонликка учраган, ва айниқса жинсий таҳқирланган болалар улғайганида жинсий зўрлашга қул уриши айтилади.

"Бегона аёлларни зўрлаганини тан олган эркакларнинг ярмидан кўпи илк марта ўсмирлик даврида бунга қўл урганларини айтишди. Демак, жинсий зўрлашларнинг олдини олмоқчи бўлсак, ана шу ёшдаги эркакларни тарбиялашимиз керак," - деди Балтимордаги Жон Хопкинс институти доктори Мишел Декер.

"Эндиликда қаршимизда турган вазифа бу далил-исботлар асосида дастури амал ишлаб чиқиш ва келгуси аёл ва қизлар авлоди учун хавфсизроқ келажакни яратишдир," - деди у.

Сиз Ўзбекистондаги вазият қандай деб биласиз? Сиз жинсий зўрлаш қурбони бўлганмисиз? Ёки жинсий зўрлаганмисиз? Ўз фикрларингиз билан матн остидаги форма ёрдамида ўртоқлашинг.