Покистонлик эркак "ўғил истагани учун ўз қизини дарёга отди"

Image caption "Хато қилдим", дейди ўз қизини дарёга отган ота

Бир ярим яшар қизини сувга чўктириб юборган покистонлик шахс ҳозир ўз қилмишидан пушаймон эканини айтган.

Мазкур ҳодиса болаларни фақат жинси учун ўлдириш билан боғлиқ Жанубий Осиё бўйлаб тарқалган муаммони яна бир бор диққат марказга олиб чиққан.

Рави дарёсига улоқтирилган Зайнабни қидириш ишлари ҳамон давом этмоқда, аммо ғаввослар ўз имкониятлари чекланганини айтишади.

"Қизалоқнинг отаси ҳозир қидирувчиларга ҳамкорлик қилмоқда. Аммо, у энди ўз жинояти билан бир умр яшашига тўғри келади", дейди Би-би-си мухбири Алеем Мақбул.

"Бу хато бўлди, жуда катта хато қилдим. Калламдан нималар ўтган ўшанда, билмайман", деб айтган қизнинг отаси.

Аммо, оиласи у ўз ишини пухта режалаб амалга оширганини таъкидлайди.

Зайнабнинг онаси ўз эри қизини ўлдириш билан бир неча бор таҳдид қилганини айтади.

"Биринчи қизимиз туғилганидан бери у хурсанд эмас эди. У ўғил истаганди. Агар яна битта қиз туғсам, каттасини ўлдиришини айтганди. Мана худди шундай қилди", дейди у.

"Мен йиғладим, Зайнаб сувда додларди, аммо уни қутқаришга уринган пайтим у мени калтаклади", дея арз-дод қилади аёл.

Image caption Минтақа бўйлаб қиз болаларни ўлдириш ҳоллари илк бор кузатилаётгани йўқ

Минтақа бўйлаб ўғил истагани учунгина қизларни ўлдириш ҳоллари яхши ҳужжатлаштирилган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳуқуқ-тартибот органларини масалага жиддий эътибор қаратмасликда айблайдилар.

Мухбиримизга кўра, полиция Зайнабнинг ишига ҳам тўғри ёндашмаётгани белгилари кўзга ташланади.

"Ўз қизини биров дарёга отганини кўрган она қандай қилиб тинчгина бу ерни тарк этади ва бир ҳафта хабар бермайди?" дея савол қўяди қидирув гуруҳи зобити Башорат Али.

"Қизини дарёга отган ота ҳозир ўз ишига иқрор бўлган, ҳибсда тутилаётган бўлиши мумкин, бироқ у ушбу жиноят учун жазоланишига кафолат йўқ", дейди Би-би-си мухбири Алем Мақбул.

Бу мавзуда батафсилроқ