Путин Сурия масаласида Америка халқига мурожаат қилди

Путин
Image caption Путин жанобларига кўра, Сурияга қарши ҳарбий амалиётлар яхшиликка етакламайди

Россия Президенти Владимир Путин Америка халқига Сурия инқирози юзасидан шахсий мурожаат билан чиққан.

АҚШда чоп этиладиган Нью Йорк Таймс газетасида босилган мақоласида Путин жаноблари Сурияга қарши ҳарбий ҳужум терроризмнинг янги тўлқинига туртки бериб юбориши мумкинлигидан огоҳлантиради.

"Ҳужум зўравонликни кучайтиради ва терроризмнинг янги тўлқини жиловини қўйиб юборади. Эрон ядро муаммоси ва Исроил-Фаластин можаросини ҳал этишга қаратилган кўптомонлама саъй-ҳаракатларни издан чиқаради. Яқин Шарқ ва Шимолий Африкани янада беқарорлаштиради. Бутунбошли халқаро қонун тизими ва тартибни мувозанатдан чиқариб юборади", дея таъкидлайди Владимир Путин.

Путин жаноблари яқин ўтмишда юз берган ҳодисалар уни "Америка халқи ва сиёсий раҳбарларига тўғридан-тўғри гапиришга" ундагани ҳақида айтган.

"Кўплаб мамлакатлар, йирик сиёсий ва диний йўлбошчилар, жумладан, Папанинг қаттиқ қаршилигига қарамай, Қўшма Штатлар Сурияга қарши ҳужум уюштирадиган бўлса, оқибат бегуноҳ қурбонлар ва кўтарилиш, ихтилофнинг Сурия чегараларидан ташқари чиқишига етаклайди", дейди Россия Президенти.

Путин жаноблари Сурия ҳукуматини эмас, "балки халқаро қонун"ни ҳимоя қилаётганини айтади.

Унга кўра, Қўшма Штатлар демократия модели эмаслиги, шафқатсиз кучга суянишини миллионлаб одамлар кўриб турибди.

Бугун кечда Женевада Америка ва Россия Ташқи ишлар вазирлари Суриянинг кимёвий қурол-яроғлари бўйича музокара олиб боради.

Олдинроқ эса, Сурия Президенти Башар ал-Ассаднинг иттифоқчиси мазкур қуролларни йўқ қилишдан олдин халқаро ҳамжамият назоратига топширишни таклиф қилганди.

Дамашқ ушбу таклифни қисман қабул қилган ва АҚШ раҳбари Барак Обама бунга жавобан дипломатик саъй-ҳаракатларга имкон бериши ҳақида билдирди.

Қўшма Штатлар Сурия ҳукуматини ўтган ой Дамашқ яқинида кимёвий ҳужум уюштирганлик ва юзлаб одамларни ўлдирганликда айблайди.

Сурия эса, бу ишда исёнкорлар масъул эканини таъкидлайди.

Суриянинг ичкарисида ҳукумат армияси аксар насронийлар истиқомат қилувчи Малоула шаҳри назоратини қайта қўлга олишга уринмоқда.

Ҳозир шаҳарда Ал-Қоидага алоқаси бўлган Ал-Нусра Жабҳаси аъзолари ўрнашиб олишгани хабар қилинади.

Би-би-сининг Яқин Шарқ масалалари бўйича муҳаррири Жереми Бовен чоршанба куни Малоулага борган ва жанглар давом этаётгани ҳақида айтганди.

Бу мавзуда батафсилроқ