АҚШда Қуръони Каримни ёқмоқчи бўлган пастор ҳибс қилинди

Терри Жонс
Image caption Терри Жонс 2010 йил ҳам Қуръони Каримни ёқиш таҳдиди билан чиққанди

Қўшма Штатлардаги пастор Терри Жонс 11 сентябр ҳужумларига 12 йил тўлиши муносабати билан 3000 яқин Қуръони Карим нусхасини ёқишини эълон қилиши ортидан ҳибсга олинган.

61 ёшли Терри Жонс юк машинасида кабоб пиширадиган катта қўра ва керосинга ботирилган китобларни олиб кетаётган маҳал полиция тарафидан тўхтатиб қолинган.

У Тампа Бей истироҳат боғида Қуръоннинг 2998 нусхасига ўт қўйишни режалаганини айтган.

Терри Жонс 2010 йил ҳам Қуръони Каримни ёқиш таҳдиди билан чиққан ва бу халқаро миқёсда қаҳру ғазабга сабаб бўлганди.

2011 йил у Флоридадаги черковда тарафдорларини тўплаб, бу ишни амалга оширган ва бу Яқин Шарқ ва Афғонистон бўйлаб зўравон норозилик чиқишларига етаклаганди.

Терри Жонс ёрдамчиси яна бир пастор Марвин Сапп билан бирга Малберри шаҳрида чоршанба куни қўлга олинган.

Унинг машинасида керосин сепилган Қуръон нусхаларидан ташқари идишларга солинган ёқилғи ҳам бўлган.

Полициянинг айтишича, ҳар икки шахс ёқилғини ноқонуний ташиб кетаётганликда айбланган, шунингдек, Терри Жонсга очиқчасига ўқотар қурол олиб юрганлик айблови ҳам қўйилган.

Олдинроқ, у ўз вебсаҳифасида истироҳат боғи яқинида Қуръонни ёқмоқчи экани ҳақижа эълон қилинганди.

Маҳаллий полиция раҳбарига кўра, унинг зобитлари Жонсни қилаётган иши қонунга зид эканини айтиб огоҳлантирган.

Бу мавзуда батафсилроқ