Деҳли: гуруҳ бўлиб зўрлашда айбланган тўрт шахс ўлим жазосига ҳукм этилди

Image caption Маҳкама ташқарисига жам бўлганлар ҳакамдан тўрт шахсни осишни талаб қилган.

Ҳиндистонда маҳкама пойтахт Деҳлида тўрт эркакни бир талаба қизни гуруҳ бўлиб зўрлагани ва ҳалок этгани учун ўлим жазосига ҳукм этди.

Мукеш Сингх, Винай Шарма, Акшай Тҳакур ва Паван Гупта шу ҳафта бошида маҳкама томонидан тўлиқ айбдор деб топилган эди.

Ҳакам Йогеш Ханна ушбу иш "ниҳоятда нодир" ҳодисалар жумласига киришини айтган ва енгилроқ жазо тайинлаш ҳақидаги сўровларни рад этган.

23 ёшли аёл декабр ойида автобус ичида зўрланган ва икки ҳафта сўнгра шифохонада вафот этганди.

Ушбу ҳодиса Ҳиндистон бўйлаб тартибсиз намойишлар ва жинсий зўрлашга оид янги қонуннинг қабул қилинишига олиб келганди.

Жума куни ҳукмни чиқарган ҳакам Ханна мазкур ҳужум Ҳиндистон "халқининг шуурини ларзага келтирган"ини ва бундай жиноятларга "маҳкама кўз юма олмаслиги"ни айтган.

Олий жазо эълон қилинган пайти айбдорлардан бири Винай Шарма йиғлаб юборган.

Аввалроқ, маҳкама биноси ташқарисида намойишга йиғилганлар маҳкамадан тўрт шахни осишни талаб қилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ