Новгород яқинида юз берган ёнғин 37 нафар инсон умрига зомин бўлди

Image caption Интернатнинг эркак беморлар сақланувчи бўлими бутунлай ёниб кетган

Россиянинг Новгород шаҳри яқинидаги руҳий хасталиклар шифохонасида юз берган ёнғин натижасида 37 нафар инсон нобуд бўлган.

Россия тергов қўмитасига кўра, 37 нафар инсоннинг барчаси ёнғин пайтида ҳалок бўлган.

"Ёнғин пайтида одамларни хавфсиз жойга олиб чиқишга уринган 46 ёшли санитарка ҳам халок бўлган. Шу пайтгача 10 қурбоннинг жасади топилган", - деб хабар қилади РИА Новости ахборот агентлиги.

Тергов қўмитасига кўра, фақат 23 нафар инсонни қутқаришга муваффақ бўлишган, улардан уч нафари енгил тан жарохати олган.

Ёнғин ярим кечада Лука қишлоғида жойлашган "Оксочи" номли руҳий хасталиклар интернати корпусида бошланган.

Ёнғин авжига чиққан пайти шифохонада 59 бемор бўлган. Улардан 22 нафарининг ётган касаллар экани айтилади.

Ёғоч бино

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ёнғин Москва вақти билан соат тонгги 02:52 бошланиб, тез орада иморатнинг 670 квадрат метрига ёйилган.

Соат 04:25 ўт учирувчилар ёнғинни тўхтатишга муваффақ бўлганлар, бироқ бу пайтга келиб интернатнинг эркак беморлари сақланувчи биноси бутунлай ёниб кетган.

Тергов қўмитаси "масъулиятсизлик" ва "эҳтиётсизлик туфайли юз берган ўлим" каби қонун бандлари асосида жиноий иш очган.

Қўмита тахминига кўра, беморлардан бири ўз кўрпа-тушагига ўт қўйган бўлиши мумкин.

Айни пайтда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги генерал-лейтенанти Юрий Дешевыхнинг РИА Новости агентлигига айтишича, ёниб кетган бино ёғочдан қўрилган бўлиб, ёнғин хавфсизлигига биноан маҳкама қарори билан ёпилиши керак эди.

"Маҳкама қарорига биноан, 2014 йилнинг 1-августигача касалхона ўз беморларини чиқариши керак бўлган",- деб айтган у.

"Ёнғинга қарши тизим ишга тушгач, ҳамширалар 22 нафар тўшакда бўлган касални эвакуация қилишга муваффақ бўлганлар", - деб айтган Дешевых.

Россияда руҳий касалликлар беморхоналарида ёнғин биринчи марта юз бераётгани йўқ.

Апрел ойида Подмосковьеда 38 инсон нобуд бўлганди.

Россиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича маъсули Владимир Лукинга кўра, янги фожеаларнинг олдини олиш учун руҳий хасталиклар шифохоналари устидан жамоат назоратини ўрнатиш керак.

"Бу каби таклифларимиз иқтидордаги тизимларнинг қўллаб-қуватловига қарамасдан бюрократия уммонида чўкиб кетмоқда. Новгород қурбонларини хотирлаган ҳолда бу энг долзарб гуманитар муаммо ечими топилишига умид қиламан," - деб айтган Владимир Лукин Интерфакс ахборот агентлигига.

Бу мавзуда батафсилроқ