Афғонистондаги кон чўкишида 27 киши ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Афғонистондаги ишчилар хавфсизлиги талабга жавоб бермайдиган конларда бу каби ҳодисалар тез-тез юз беради.

Маҳаллий расмийларга кўра, Афғонистон шимолидаги конлардан бирининг чўкиши натижасида 27 киши ҳалок бўлган, 20 нафари яраланган.

Ер остида яна 13 кончи қолиб кетгани ҳақида хавотирлар бор.

Маҳаллий ҳокимият матбуот воизи Содиқуллоҳ Азизийнинг айтишича, фожеа Кобулдан 215 чақирим масофада жойлашган Саманган вилоятининг Обхўрак конида юз берган.

Кон жойлашган туман хавфсизлик жиҳатдан толиблар ҳужумидан холи тинч жой ҳисобланиб келган.

Кончилар ишлаётган пайт кон чўкиб тушгани қурбонлар сонини оширган.

Полициячи Омонуллага кўра, фалокат содир бўлганда юзлаб одамлар бел ва кетмон кўтариб ёрдам беришга чопишган. Айни пайтда ҳам қутқарув амаллари кетаётгани хабар қилинади.

Афғонистондаги ишчилар хавфсизлиги талабга жавоб бермайдиган конларда бу каби ҳодисалар тез-тез юз беради.

Ишчилар эски асбоб-ускуналар ёрдамида, ҳаво яхши айланмайдиган ва ҳимоя воситалари жуда кам бўлган шароитларда меҳнат қилишади.

Кўмир саноати узоқ йиллик урушлар хароб қилган қашшоқ мамлакат иқтисоди учун жуда муҳим саналади.

Афғон ҳукумати мамлакатда бор бўлган табиий бойликлардан кўпроқ фойда кўриш ва хориж инвестицияларини жалб қилиш билан мамлакат иқтисодини кўтаришни хоҳлайди.

Лекин Афғонистондаги нотинч ва келажакдаги ноаниқ вазият чет эллик инвесторларнинг эҳтиёткорона йўл тутиб маблағ сарфлашга ундамоқда.