Индонезияда "Муслима дунёси" танлови ўтказилмоқда

Image caption "Муслима дунёси" танлови ғолибаси финал босқичга етган 20 нафар номзод орасидан танлаб олинади

Франс-пресс ахборот агентлигининг хабар беришича, Индонезия пойтахтида мусулмон аёлларнинг гўзаллик танлови бўлиб ўтмоқда.

Ушбу танлов Балида ўтказилиши режаланган "Дунё гўзали" танловига муқобил равишда ўтказилаётир.

"Дунё гўзали" мусобақаси индонезиялик анъанадор мусулмонларнинг кескин танқидларига учраган эди.

"Муслима дунёси" номини олган танловда 20 нафар номзод энг замонавий Исломий либосларни намойиш этишади ва Қуръони Каримдан қироат қилишади.

"Биз дунёга Исломнинг нақадар гўзал дин эканини кўрсатиб қўймоқчимиз," - дейди танловда Нигериядан намояндалик этаётган 21 ёшли Убайи Оиша Ажибула.

Танловда олти мамлакат вакилалари иштирок этмоқда.

Иштирокчиларнинг ҳижоб ўраши танлов шартларидан биридир.

"Биз ҳаммамиз фахр билан ҳижоб ўраймиз," - дейди Убайи Оиша.

"Муслима дунёси" танлови ташкилотчиси - уч йил муқаддам ҳижобини ечишдан бош тортгани учун телевидение бошловчилигидан ҳайдалган Эка Шантидир.

Танлов ташкилотчилари мусулмон аёлларга "Дунё гўзали" танловида илгари сурилган гўзаллик ғоясига муқобил ғоя борлигини намойиш этиш ниятлари борлигини айтишади.

"Бу йил биз ўз танловимизни атайлабдан "Дунё гўзали" мусобақасидан олдин ўтказаётирмиз. Мақсадимиз муслималарга ўрнак бўлишга арзийдиган ўзгача гўзалларнинг борлигини кўрсатишдир," - дейди у.

Бир неча ҳафта муқаддам индонезиялик мусулмонлар мамлакат пойтахтида "Дунё гўзали" танловини ўтказашга эътирозан намойишларини йўлга қўйишганди.

Намойишчилар гўзаллик танловида аёлларнинг бикиниларда чиқишини "порнография" деб аташганди.

Уларнинг босими остида Индонезия ҳукумати "Дунё гўзали" танловини асосан ҳиндулар яшовчи Бали оролида ташкиллаштиришга қарор қилди.

"Муслима дунёси" танловида иштирок этиш истагини билдириб 500 дан зиёд аёл интернет орқали ариза топширган.

Чоршанба оқшомида танлов иштирокчилари ҳижобга қандай кирганларини ҳикоя қилиб беришади ва ҳакамларнинг исломий мавзудаги саволларига жавоб беришади.

Ундан сўнгра 20 нафар номзоддан тўрт нафари танлаб олинади ва улардан бирига бош соврин берилади.

Эка Шанти айтишича, илк танлов 2011 йилда фақат Индонезияда ўтказилган, аммо унга қизиқиш ниҳоятда катта бўлгани учун халқаро миқёсда ўтказишга қарор қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ