Россия Сурия кимёвий ҳужумида исёнчиларга ишора қилувчи исботни БМТга бермоқчи

Image caption Россия бошиданоқ кимёвий ҳужум учун исёнчиларни айблаб келади

Россия 21 августда Дамашқ ташқарисида юз берган кимёвий ҳужум ортида Сурия исёнчилари турганига ишора қилувчи далил-исботни БМТ Хавфсизлик Кенгашига топширади. Бу ҳақида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билдирди.

Далил-исботни Россия ҳукуматига Сурия расмийлари топширганлар, бироқ Лавров жанобларининг ўзи ҳали у билан танишмаган.

Душанба куни чоп қилинган БМТ ҳисоботи юзлаб одамларни нобуд қилган ҳужумда асабни фалажловчи сарин гази ишлатилган дея хулоса қилганди.

АҚШ ҳужум учун Башар ал-Ассад ҳукуматини айблаган, бироқ Россия ва Дамашқ айб исёнчиларда эканини айтиб келишаётганди.

БМТ ҳисоботи ким айбдор экани борасида хулоса қилмаган. Ҳужум ортидан юзага келган дипломатик тортишувлар Суриянинг 2014 йил ўртасигача кимёвий арсеналини халқаро ҳамжамиятга топшириши бўйича келишув билан якун топган.

Ҳисобот муаллифи Аке Селстром Би-би-сига Суриянинг кимёвий қурол-яроғларини топиш ва йўқ қилиш "стрессли иш" бўлиши, бироқ "имконли" эканини айтган.

У айни иш Сурия ҳукумати ва мухолифат қанчалар БМТ билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлишларига боғлиқ бўлишини билдирди.

Лавров жаноблари Дамашқдаги ҳужум ортида исёнчилар турганига далил-исбот етарли эканини айтди.

"Бу ишни амалга оширганларни топишимиз керак," - деди у.

Аввалоқ жаноб Лавровнинг муовини Сергей Рябков далилларни унга Сурияга сафари чоғида тақдим этишганини айтди.

У мазкур ҳужжатлар текшириб чиқилиши кераклигини айтиб, уларнинг таркиби борасида гапиришдан бош тортди.

Жаноб Рябков БМТ ҳисоботини қоралаб, уни "бир томонлама" деб атади.

"Бу ҳисобот асосида ётган маълумот етарли эмас. Қандай бўлмасин, 21 август ҳодисасидан ташқари вазиятни ҳам текшириб чиқишимиз керак," - деди у.

"Биз, юмшоқ қилиб айтганда, БМТ котибияти ва БМТ терговчилари муносабатидан ҳафсаламиз пир бўлди. Улар ҳисоботни нотўлиқ, ва бир томонлама тузганлар," - дея қўшимча қилди у.