Афғонистон шимолидаги пистирмада 18 полициячи ўлдирилган

Image caption Ички ишлар вазирлигига кўра, полициячилар карвони Вардуждаги тозалаш амалиётидан қайтаётган бўлганлар.

Афғонистон Ички ишлар вазирлигидан хабар қилишларича, мамлакат шимолидаги Бадахшон вилоятининг Вардуж туманида Толибон пистирма уюштириб, 18 полициячини ўлдирган, 13 нафарини жароҳатлаган.

Вазирликдан айтишларича, полиция ходимлари аксилтеррор амалиётларини ўтказиб вилоят маркази Файзободга қайтаётган бўлганлар.

"Вазир вазифасини бажарувчи Бадахшондаги Вадуж туманидаги террорчилик хуружида 18 полиция ходимининг ўлими ва яна 13 полиция ходимининг яраланганидан чуқур қайғуга тушди. Афғон полиция кучларининг гуруҳи Вардуж тумани четидаги тозалаш амалиётидан қайтаётган пайтларида душман пистирмасига дуч келган ва оқибатда жасур Афғон полициячилари ҳалок бўлганлар", дейилади Афғонистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.

Вазирликка кўра, Вардуждаги амалиётда 47 исёнчи ўлдирилган, 20 тасини яраланган.

Сўнгги ҳужум учун масъулиятни Толибон зиммасига олган.

Афғонистон шимоли-шарқида жойлашган тоғли Вардуж туманининг аксар аҳолисини тожиклар, 10 фоизини ўзбеклар ташкил қилади.

Бу туман нисбатан тинч ҳудуд бўлиб келган.

Аммо шу йил мартида 17 Афғон армияси аскари гаровга олинган эди.

Бадахшон вилояти Помир ва Ҳиндикуш тоғ тизмаларида жойлашган.

Би-би-си мухбири Билол Сарварий айтишича, бу жойлар исёнчиларнинг пистирмадан ҳужум қилиб яширинишлари учун жуда қулай жойлардир.

Толибон Вардужда ўлдирилган полициячилар қурол-яроғини қўлга киритганларини, ҳалок бўлган полициячиларнинг жасадларини маҳаллий оқсоқолларга топширгани ҳақида маълум қилган.

Ушбу ҳужум Афғонистонни хорижий қўшинлар тарк этганидан кейин мамлакатнинг ўз хавфсизлик кучлари тинчлик-барқарорликни қанчалар сақлай олишлари борасидаги хавотирларни янада кучайтирган.

Ҳозирги пайтда мамлакатда 87 минг халқаро ҳарбий коалиция аскарлари жойлаштирилган.

Уларни Афғонистондан олиб чиқиб кетиш йили қилиб 2014 йил белгиланган.

Мамлакатнинг ўзининг ҳозирги пайтда 350 минг кишилик хавфсизлик кучлари мавжудлиги айтилади.

Ҳар ой Афғон хавфсизлик кучлари ва полицияси ходимларига қарши Толибон жангарилари ҳужумлар уюштиради.

Мухбирларга кўра, Афғон ҳукумати ўз талофотлари ҳақидаги маълумотни ошкор этишни истамайди.

Лекин АҚШ мудофаа вазирлигига кўра, ҳар ойда 400 тача Афғон полициячиси ва аскари ҳалок бўлади.

Ўтган ой юзлаб Толибон исёнчилари мамлакат шарқидаги Нангархор вилоятида полиция ва армия карвонига пистирмадан ҳужум қилган, оқибатда 22 полициячи ҳалок бўлган эди.