Сурия ҳукумати фуқаролар урушини енголмаслигини тан олди

Image caption Қадри Жамол жанобларига кўра, Сурия ҳукумати исёнчилар билан оташкесинга ҳам бориши мумкин

Бу ҳақда Сурия Бош вазири муовини Британиянинг нуфузли "Гардиан" газетаси билан суҳбатида айтган.

Қадри Жамол жанобларига кўра, Сурия ҳукумати исёнчилар билан оташкесинга ҳам бориши мумкин.

Сурия ҳукумати мулозимининг тан олишича, урушаётган томонларнинг ҳеч бири ғолиб чиқиш даражасида кучли эмас.

Унга кўра, Женевада режаланаётган тинчлик музокаралари чоғида расмий Дамашқ қуролли мухолифатни оташкесинга чақириши мумкин.

Байрутдаги мухбиримизнинг айтишича, жаноб Жамил тинчлик музокараларига ҳозирлик кўриш учун Россиянинг қарашларини ифодалаётган бўлиши мумкин.

Воқеаларнинг бошқа бир ривожида эса, АҚШ Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгашини Суриянинг кимёвий қуролли масаласини бир ёқли қилишга чақирган.

Америка Давлат Котиби Жон Керри кенгашни келаси ҳафтага режаланган йиғини чоғида бу хусусда махсус резолюция қабул қилишга даъват этган.

Суҳбат тафсилотлари

Image caption Агар, БМТ маълумотларига таянилса, қуролли низоларда қурбон бўлганларнинг сони 100.000 дан ортган

Бош вазир муовинининг "Гардиан"га айтишича, қарийб уч йилдан буён давом этаётган фуқаролар урушидан Сурия иқтисоди жиддий зиён кўрган.

Агар, БМТ маълумотларига таянилса, қуролли низоларда қурбон бўлганларнинг сони 100.000 дан ортган.

Миллионлаб сурияликлар эса, беқарорликлар сабаб, Сурияни ташлаб чиқишганди.

"Суриядаги фуқаролар уруши шу даражага етдики, на-да ҳукумати ва на-да исёнчилар бир-бирларини мағлуб эта олишади", деб айтган Қадри Жамол.

Унга кўра, "кучлар мувозанатидаги бу каби ҳолат узоқ давом этиши мумкин".

Сурия Бош вазири муовинининг таъкидлашича, бу сўзларни ўз ҳукумати номидан гапирган.

Жаноб Жамилга кўра, агар ортга суриб келинаётган тинчлик музокаралари қайта жонланса, ҳукумати оташкесин таклифи билан чиқади.

Оташкесин битимини бетараф ёки дўстона давлатлар қўшинлари назорат этишига рози бўлади.

Унинг айтишича, бу - Сурия инқирозига ташқи аралашувсиз тинч йўл билан сиёсий ечим топишга йўл очади.

"Қўрқманг"

Image caption Сурия Бош вазири муовинининг айтишича, ҳеч ким тузум шу шаклда фаолият юритишда давом этади, деб қўрқмаслиги лозим

Сурия Бош вазири муовинининг айтишича, ҳеч ким тузум шу шаклда фаолият юритишда давом этади, деб қўрқмаслиги лозим.

"Ҳар тарафлама олганда ҳам, тузумнинг аввалги шакли барҳам топди. Аммо жадал ислоҳотларни бошлашимиз учун Ғарб ва Сурия инқирозига аралашган барча бизни тинч қўйиши лозим".

Минтақада бўлган мухбиримизнинг айтишича эса, ҳукумат мулозимининг сўзлари Сурия мухолифати томонидан рад этилиши тайин.

Унга кўра, мухолифат томони ҳукумат манбаларининг ислоҳотлар ва демократияга оид сўзларига жуда шубҳа билан қарашади.

Сурия Бош вазири муовини Қадри Жамил собиқ коммунистлардан.

Суриядаги исён ибтидосида партияси ҳукуматга қарши намойишларда ҳам қатнашган.

Бошқарувдаги "Баас" партиясига ҳам кучли тарафдорлик қилмайди.

Ўз ўрнида, Эроннинг янги президенти Ҳасан Руҳоний мамлакати Сурия инқирозига барҳам беришда воситачилик қилишга тайёр эканини айтиб чиққан.

Бу мавзуда батафсилроқ