Қўйиб берса россиялик мусулмонлар фақат исломий партияга овоз берадими?

Москвада жойлашган "Политех" социал технологиялар агентлиги Россиядаги мусулмонларнинг ижтимоий ҳаётга муносабатларини ўрганиш мақсадида сўров ўтказган.

Бу сўровда мусулмонларнинг исломий партияларга, кўп хотинлиликка нисбатан қандай фикрда эканлари ҳам ўрганилган.

"Политех" агентлигига кўра, агар мусулмонлар кўп истиқомат қиладиган Россия ҳудудларида исломий партиялар рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг сайловда иштирок этишларига рухсат берилса, улар Шимолий Қофқоз ва Волгабўйи республикаларида муваффақиятга эришишлари мумкин.

Агентлик сўрови натижаларига кўра, Чеченистон ва Ингушетияда яшайдиганларнинг 68 фоизи исломий партия учун овоз беришга тайёр эканликларини билдирганлар.

Шимолий Қофқоздаги Адигея республикаси, Кабарда-Болқор республикаси, Қорачой-Черкесс республикасида 49 фоиз, Доғистонда 45 фоиз аҳоли исломий партияни ёқлаши мумкинлигини маълум қилган.

Бундай партия учун Бошқирдистон аҳолисининг ҳам қарийб ярми, Татаристонда эса 44 фоиз одам овоз беришлари мумкинлиги маълум бўлган.

Бу ҳудудларда исломий партиялар "жиддий сиёсий куч" бўлишлари мумкин, деган хулосага келган "Политех" социал технологиялар агентлиги тадқиқотчилари.

Тадқиқотчилар, агар шу кеча-кундуздаги ҳаёт тарзи инобатга олинадиган бўлса, ҳозирнинг ўзидаёқ Россиянинг мусулмонлар аксар истиқомат қиладиган ҳудудларда исломий ҳаёт тарзи устунликка эришиб улгурган, деган хулосага келганлар.

Бу нарса, хусусан, бир мусулмон эркакнинг бир неча аёлни ўз никоҳига олганида кўринади.

Сўров пайтида, мисол учун, аксар чеченлар ва ингушлар Россия қонунларида тақиқланган бўлса ҳам кўп хотинлиликни ёқлашлари аниқланган.

Чеченистон ва Ингушетиядаги жамоатчилик фикрини ўрганишда иштирок этганларнинг 62 фоизи бир неча аёлга уйланишни маъқуллаганлар.

Сўровда бу республикаларда шариат қоидаларини жорий этилишини истаётганларнинг ҳам сони ортиб бораётгани қайд этилган.

Бу мавзуда батафсилроқ