Лондон ажойиботлари: Майкл Жексон ҳайкали қаерда туриши керак?

Дунёга машҳур хонанда Майкл Жексон ҳайкали атрофидаги машмаша жиддий тус олган.

Лондондаги "Фулхэм" футбол клуби ўзининг "Крейвен Коттедж" стадиони ташқарисида ўрнатилган Майкл Жексон ҳайкалини клубнинг собиқ эгаси Муҳаммад ал-Фаёднинг ўзига қайтариб беришга қарор қилган.

Майкл Жексон хотирасига ҳайкал 2011 йилда ўрнатилган, бироқ ҳамма ишқибозлар ҳам ўзларининг севимли футбол клуби стадионининг ташқарисида машҳур поп-юлдуз ҳайкали туришини ёқтирганлари йўқ.

Муҳаммад ал-Фаёднинг айтишича, Майкл Жексон "Фулхэм"нинг ишқибози бўлган.

Марҳум қўшиқчи 1999 йилда Лондонга келганида "Крейвен Коттедж" стадионига борган ва футбол ўйинини томоша қилган эди.

Ўшанда Англия футбол лигасининг иккинчи дивизионида тўп сураётган "Фулхэм" ўша куни "Виган" жамоаси устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

Шу йилнинг июлида Муҳаммад ал-Фаёд "Фулэхм"ни америкалик миллиардер Шоҳид Хонга 240 миллион долларга сотди.

Мана энди "Фулхэм"нинг янги раҳбарияти эълон қилишича, стадион ташқарисида турган Майкл Жексоннинг ҳайкали стадионнинг янги қиёфасига мос келмаяпти.

"Ҳайкал стадионнинг дарё соҳили тарафини қайта қуриш ишларига мос келмаяпти ва собиқ раисга қайтарилади", деб айтган "Фулхэм" вакили.

84 ёшли асли келиб чиқиши мисрлик корчалон Муҳаммад ал-Фаёд Британиянинг бой одамларидан бири бўлиб келган.

Унинг 2012 йилдаги бойлиги 1 миллиард 300 миллион долларни ташкил этгани хабар қилинган.

Муҳаммад ал-Фаёд машҳур Harrods савдо тармоғининг соҳиби бўлган.

Бироқ сўнгги йилларда молиявий мушкулликлар сабаб Harrodsни сотишга қарор қилгани айтилган.

Жаноб Фаёд Майкл Жексонни ўзининг яқин дўсти деб билган ва Жексон 2009 йилда вафот этганидан кейин унинг хотирасига ҳайкал ясашга буюртма бериб, бу ҳайкални Лондондаги Harrods дўконларидан бирининг ташқарисига ўрнатишни истаган.

Бироқ 2010 йилда Harrodsни бошқа пулдорга сотганидан кейин Майкл Жексоннинг ҳайкалини "Крейвен Коттедж" стадиони ташқарисига ўрнатишга қарор қилган.

Айрим ишқибозлар бунга норозилик билдиришган, аммо жаноб Фаёд бундай ишқибозлар "йўқ бўлсин", деб айтган.

Ҳайкални очиш маросимида гапирган жаноб Фаёд Майкл Жексон ҳақиқий афсона эди, деб айтган.

"Бугунги замонда машҳур кишиларни кўпинча афсона деб аташади. Майкл Жексон ҳақиқатан афсона эди. У менинг дўстим, менда унинг билан кўплаб бахтли хотиралар қолган. У фожеали ва бевақт вафот этди", деб айтган Муҳаммад ал-Фаёд.