Мулло Абдул Ғани Биродар ўзи ким?

Image caption Мулло Биродар Толибон ҳарбий стратегиясини белгилаб берувчи шахс бўлган

Мулло Абдул Ғани Биродар 1994 йил Афғонистонда Толибон ҳаракатини ташкил қилган 4 кишидан биридир.

Ўз вақтида у ҳаракат раҳбари Мулла Муҳаммад Умарнинг ўнг қўли, иккинчи нуфузли қўмондони ва Толибон ҳарбий стратегиясини белгилаб берувчи шахс бўлган.

2001 йил Афғонистонга қарши АҚШ етакчилигидаги ҳарбий амалиётлар бошланган пайт Мулло Биродар Толибон мудофаа вазири ўринбосари вазифасини бажарган.

Толибон тузуми ағдарилгач, у исёнкорлик ҳаракатларини бошқарган. Исёнкорликни молиявий таъминлаш масъулияти Мулло Биродарнинг зиммасида бўлгани айтилади.

У Афғонистон бўйлаб амалга оширилган йирик ҳужумлар ортидаги асосий шахслардан ва Толибоннинг Ҳирот ва Кобулдаги бош қўмондонларидан бири бўлиб қолган.

Мулло Биродар 2010 йил феврал ойида Покистоннинг Карачи шаҳрида Америка ва Покистон кучлари махфий амалиётлари пайти қўлга олинганди.

"Унинг умр йўлдоши - Мулла Умарнинг синглиси. У пулни бошқарган, хавфсизлик кучларимизга қарши ҳалокатли ҳужумларни уюштирган", деб айтганди афғон расмийларидан бири Мулло Биродар қўлга олинган пайт.

Мулло Биродарга ҳам бошқа Толибон раҳбарлари қатори БМТ Хавфсизлик Кенгаши жазо чоралари эълон қилган. Ҳисоб рақамлари музлатилган, хорижга сафарлари чекланган ва қурол-яроғ сотиш тақиқланган.

2012 йил охиригача Мулло Биродарнинг тақдири хусусида жуда оз маълумотлар маълум эди.

Афғон ҳукумати миллий ярашув жараёнини рағбарлантириш учун Покистондан Толибон маҳбусларини озод қилишни сўраркан, унинг номи қайта - қайта рўйхатнинг бошида келаётганди.

У Толибон раҳбари Мулло Умарнинг энг ишонган қўмондонларидан бири бўлиш билан бирга Америка ва Афғонистон ҳукумати билан мулоқотга хайрихоҳ Толибон етакчиларидан деб ҳам кўрилади.

Мулло Биродар 2009 йил берган баёнотларидан бирида тинчлик музокаралари учун асосий шарт хориж кучларини Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши эканини айтган.

Интерполга кўра, Мулло Абдул Ғани Ўрузгон вилояти Деҳравуд улусворилигидаги Ветмак қишлоғида 1968 йил туғилган.

Президент Карзай каби у ҳам Дуррани қабиласи Попалзай қавмидан.

Хабарларга кўра, Мулло Биродар жаноб Карзайнинг Қандаҳор вилоят кенгаши раиси бўлган иниси Аҳмад Вали Карзай билан алоқасини йўқотмаган.

2011 йил июлида эса, Аҳмад Вали Карзай жонига қилинган суиқасдда ҳалок бўлганди.

Қамоқдан озод этилгач, Мулло Биродар Покистонда қоладими ёки учинчи бир мамлакатга чиқиб кетишига изн бериладими, ҳозирча қоронғу қолмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ