'Найробидаги савдо маркази "Аш-Шабаб" жангариларидан тозаланмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Кения қуролли кучлари Westgate савдо марказида "Аш-Шабаб" жангарилари гаровда ушлаб турган инсонлар озод этилганини айтган.

Бироқ жангарилар қўлида яна қанча одам қолгани номаълум.

Ҳозиргача олинган маълумотларга биноан, Кениядаги савдо марказида шанба кундан буён 69 киши ўлдирилган, 170 дан ортиғи жароҳатланган.

10 дан 15 гача ҳужумчилар Westgate мажмуасининг ичида қолмоқда.

Уч кундан буён давом этаётган амалиётларда мингдан ортиқ киши озод қилинган.

Ички Хавфсизлик вазири Жозеф Оле Ленкунинг билдиришича, хавфсизлик кучлари тобора ичкарига қараб бормоқда. Лекин бинода тахминан 15 тача жангари ва гаровдагилар борлиги вазият нозиклигини англатади.

Воқеани кузатаётган мухбирларга кўра, кучли отишма ва портлаш овозлари эшитилган, ўқ овозлари ҳали ҳам тингани йўқ.

Жангарилар ушлаб турган гаровдагиларнинг кўпи озод қилинди, деб айтган Кения қуролли кучлари матбуот воизи, полковник Сайрус Огуна Би-би-сига.

Мухбирларнинг айтишича, вазият беқарор, тикучарлар савдо маркази устида учиб юрибди.

Ҳукумат савдо марказининг катта қисми хавфсизлик кучлари назоратига ўтганини айтмоқда.

Шу билан бирга бино Кения кучлари билан ўраб олинган. Атрофда оғир техникалар шай қилиб қўйилгани хабар қилинади.

Шанба кунги ҳужумдан сўнг Сомалининг Аш-Шабаб гуруҳи ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олиб, у Кения армиясининг Сомалидаги ҳаракатлари учун жавоб эканлигини айтганди.

Westgate Кениянинг йирик савдо маркази бўлиб, бу ерга кўпроқ хорижликлар, бадавлат кенияликлар ташриф буюришган.

Савдо мажмуасининг исроиллик тадбиркорларга тегишлилиги унинг террористик ҳужумларга нишон қилиши мумкинлиги ҳақида илгари хавотирлар билдирилган.

АҚШ содир этилган ҳодисани қоралаб, Кения ҳукуматига ҳар томонлама ёрдамни таклиф қилган.

Аш-Шабаб гуруҳи ҳукуматга ҳеч бир шарт илгари сурмаган, лекин музокаралар олиб боришни ҳам хоҳламаган.

Маълумотларга кўра, ҳужумчилар орасида аёл киши ҳам бор. Беш жангари ушлангани, улардан бири жароҳати туфайли вафот этгани айтилган.

Президент Ухуру Кениата якшанба куни халққа қилган телемурожаатида "қора ниятли кишилар қаерга қочишга уринишмасин, албатта ушланиши"га ваъда берган.

Ҳалок бўлганлар орасида президентнинг жияни ва келини, шунингдек 9 нафар хорижлик фуқаролар борлиги маълум бўлган.

Хўш, Аш- Шабаб қандай гуруҳ?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Кениядаги ҳужум ортида "Аш-Шабаб" гуруҳи турганлиги айтилмоқда ва гуруҳнинг ўзи ҳам очиқчасига масъулиятни ўз бўйнига олган.

Сомалида ташкил этилган ва "Ал-Қоида" билан яқин алоқада эканлиги айтилган гуруҳни Сомалининг жанубий ва марказий ҳудудларидан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлганлиги хабар қилинган эди.

Лекин охирги ҳужум шуни кўрсатмоқдаки, гуруҳ ҳануз фаол ва жиддий ҳужумларни амалга оширишга қодир.

"Аш-Шабаб" Араб тилида "ёшлик" деганидир.

Бу ташкилот 2006 йилда сомалилик ёш радикал кучлар томонидан мамлакатга кирган Эфиопия кучларига қарши курашиш мақсадида таъсис этилган.

"Аш-Шабаб"га ёрдам бериш учун қатор хорижий жиҳодий гуруҳларнинг қўшилгани айтилади.

"Аш-Шабаб" ўз назорати остида бўлган ҳудудларда зино қилган аёлларни тошбўрон қилиш ва ўғриларнинг қўлини кесиш каби шариат қонунларини татбиқ этган.

"Аш-Шабаб" Сомалида кичик ва катта шаҳарлар устидан назоратни йўқотган эса-да, ҳозир ҳам кўплаб қишлоқлар устидан назорат қилади.

Ҳаракат пойтахт Могадишудан 2011 йил Августида сиқиб чиқарилганди.

Сомалидаги энг муҳим Кисмаё бандаргоҳини эса ўтган йил кузида ташлаб чиққан.

Кисмаё бандаргоҳи "Аш-Шабаб" учун ўта муҳим нуқта ҳисобланарди.

Бу бандаргоҳдан ҳаракат ўз назорати остидаги ҳудудларни таъминлаб турар ва бандаргоҳдан яхшигина даромад кўрарди.

Ҳукумат кучларини дастаклаган Африка Иттифоқи Сомалида йирик ғалабаларга эришганини айтса-да "Аш-Шабаб" пойтахт Могадишу ва бошқа шаҳарларда тез-тез худкушлик ҳужумларини содир этиб туради.

Таҳлилчиларнинг ишонишича, бу гуруҳ Африка Иттифоқи кучларига қарши асосан партизанлик урушини олиб боради.

Бироқ 2011 йилда Кения кучлари Сомалига бостириб киргач, "Аш-Шабаб" бир неча жабҳада босим остида қолди.

"Аш-Шабаб" жангчиларини сайёҳларни ўғирлашда айблаган Кения Африка Иттифоқи байроғи остида гуруҳга қарши Кисмаё бандаргоҳи жанубида амалиётлар ўтказмоқда.

Айни дамда, Эфиопия кучлари ғарбдан юриш қилиб, Сомалидаги Беледвене ва Байдоа шаҳарчалари устидан назорат ўрнатган.

Гуруҳ раҳбари Аҳмад Абди Гўданедир.

Мухтор Абу Зайр исми билан танилган Аҳмад Абди Сомали шимолидан бўлади.

Хабарларга кўра, унинг "Аш-Шабаб"га раҳбарлик қилишидан жанубий сомалиликлар норозилиги ортиб бормоқда, аммо бу хабарларни ҳаракат рад этади.

"Аш-Шабаб" таркибида жанг қилаётганлар асосан жанубликлар бўлиб, уларнинг сони 7,000 дан 9,000 га қадар экани айтилади.

Аҳмад Абди Гўдане жамоатчиликка камдан-кам кўринади.

"Аш-Шабаб"нинг ундан олдинги раҳбари, Муаллим Аден Ҳаши Айро 2008 йил АҚШ ҳаво ҳужумларида ҳалок этилганди.

"Аш-Шабаб" 2012 йил февралида "Ал-Қоида"га қўшилади.

Ўшанда "Аш-Шабаб" раҳбари Аҳмед Абди видео мурожаат билан чиқиб, "Ал-Қоида" раҳбари Айман Аз-Завоҳирийга байъат қилганини айтганди.