Меркел хоним Олмонияни учинчи муддат бошқаради

Image caption Сўнгги сайловдаги ғалаба Меркел хонимни дунёдаги бу оғир даврдан "омон-эсон ўтиб олган" ягона мамлакат раҳбарига айлантирди.

Олмония федерал канцлери Ангела Меркел етакчилик қиладиган Насроний-Демократик Иттифоқ парламент сайловларида қарийб 42 фоиз овоз тўплади.

Насроний-Демократик Иттифоқнинг шу пайтгача Олмония коалицион ҳукуматидаги иттифоқчиси "Эркин Демократлар" 5 фоизлик тўсиқдан ўтолмадилар.

Шундан кейин "Эркин Демократлар" партияси раҳбари Филипп Рослер истеъфога чиқишини эълон қилган.

Насроний-Демократик Иттифоқ ва "Эркин Демократлар" партияси 2009 йилдан 2013 йилгача Олмонияни бошқарди.

Бироқ 22 сентябр куни Олмония бундестаги вакиллари сайловида "Эркин Демократлар" 4,8 фоиз овоз йиққан.

Энди Меркел хоним сайловларда кўп овоз тўплаган рақиблари билан коалиция барпо этиш юзасидан музокараларни бошлаши зарур бўлади.

Мухолифатдаги Социал-Демократик партия қарийб 26 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлди.

Лекин Ангела Меркел Социал-Демократик партия билан коалиция ташкил этиш борасидаги масалага муносабат билдираркан, "биз энди нима қилишимз ҳақида гапиришга жуда эрта", деб айтди.

Таҳлилчиларга кўра, социал-демократлар Насроний-демократлар билан коалиция барпо этишга розилик беришлари мумкин.

Мухбирларга кўра, Меркел хоним етакчилигидаги партиянинг бунчалик кўп овоз тўплаши кўпчилик учун кутилмаган бўлган.

Олмония сайловларида 30 дан ортиқ партия иштирок этди.

Бу галги сайловларда Олмонининг Евро пул бирлиги ҳудудидан чиқиб кетиши ғоясини илгари сурган "Олмония учун муқобил" деб номланган янги партия ҳам иштирок этди ва бу партиянинг ҳам 5 фоизлик тўсиқдан ошиб ўтиши башорат қилинган эди.

Лекин "Олмония учун муқобил" жами 4,7 фоиз овоз олишга муваффақ бўлган.

Мухбирларга кўра, канцлер сифатидаги саккиз йиллик фаолият мобайнида Ангела Меркел Олмониянинг глобал молиявий инқироздан ҳамда Евро зонасини парчаланиб кетишдан сақлаб қолишнинг уддасидан чиқди.

Сўнгги сайловдаги ғалаба Меркел хонимни дунёдаги бу оғир даврдан "омон-эсон ўтиб олган" ягона мамлакат раҳбарига айлантирди.

Иккинчи Жаҳон Урушидан кейин Олмонияда фақат Конрад Аденауэр ва Ҳелмут Кол уч марта канцлер бўйлиб сайланишга муваффақ бўлган эдилар.

Бу мавзуда батафсилроқ