'Аш-Шабаб' қандай гуруҳ?

Кениядаги ҳужум ортида "Аш-Шабаб" гуруҳи турганлиги айтилмоқда ва гуруҳнинг ўзи ҳам очиқчасига масъулиятни ўз бўйнига олган.

Сомалида ташкил этилган ва "Ал-Қоида" билан яқин алоқада эканлиги айтилган гуруҳни Сомалининг жанубий ва марказий ҳудудларидан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлганлиги хабар қилинган эди.

Лекин охирги ҳужум шуни кўрсатмоқдаки, гуруҳ ҳануз фаол ва жиддий ҳужумларни амалга оширишга қодир.

"Аш-Шабаб" Араб тилида "ёшлик" деганидир.

Бу ташкилот 2006 йилда сомалилик ёш радикал кучлар томонидан мамлакатга кирган Эфиопия кучларига қарши курашиш мақсадида таъсис этилган.

"Аш-Шабаб"га ёрдам бериш учун қатор хорижий жиҳодий гуруҳларнинг қўшилгани айтилади.

"Аш-Шабаб" ўз назорати остида бўлган ҳудудларда зино қилган аёлларни тошбўрон қилиш ва ўғриларнинг қўлини кесиш каби шариат қонунларини татбиқ этган.

"Аш-Шабаб" Сомалида кичик ва катта шаҳарлар устидан назоратни йўқотган эса-да, ҳозир ҳам кўплаб қишлоқлар устидан назорат қилади.

Ҳаракат пойтахт Могадишудан 2011 йил Августида сиқиб чиқарилганди.

Сомалидаги энг муҳим Кисмаё бандаргоҳини эса ўтган йил кузида ташлаб чиққан.

Кисмаё бандаргоҳи "Аш-Шабаб" учун ўта муҳим нуқта ҳисобланарди.

Бу бандаргоҳдан ҳаракат ўз назорати остидаги ҳудудларни таъминлаб турар ва бандаргоҳдан яхшигина даромад кўрарди.

Ҳукумат кучларини дастаклаган Африка Иттифоқи Сомалида йирик ғалабаларга эришганини айтса-да "Аш-Шабаб" пойтахт Могадишу ва бошқа шаҳарларда тез-тез худкушлик ҳужумларини содир этиб туради.

Таҳлилчиларнинг ишонишича, бу гуруҳ Африка Иттифоқи кучларига қарши асосан партизанлик урушини олиб боради.

Бироқ 2011 йилда Кения кучлари Сомалига бостириб киргач, "Аш-Шабаб" бир неча жабҳада босим остида қолди.

"Аш-Шабаб" жангчиларини сайёҳларни ўғирлашда айблаган Кения Африка Иттифоқи байроғи остида гуруҳга қарши Кисмаё бандаргоҳи жанубида амалиётлар ўтказмоқда.

Айни дамда, Эфиопия кучлари ғарбдан юриш қилиб, Сомалидаги Беледвене ва Байдоа шаҳарчалари устидан назорат ўрнатган.

Гуруҳ раҳбари Аҳмад Абди Гўданедир.

Мухтор Абу Зайр исми билан танилган Аҳмад Абди Сомали шимолидан бўлади.

Хабарларга кўра, унинг "Аш-Шабаб"га раҳбарлик қилишидан жанубий сомалиликлар норозилиги ортиб бормоқда, аммо бу хабарларни ҳаракат рад этади.

"Аш-Шабаб" таркибида жанг қилаётганлар асосан жанубликлар бўлиб, уларнинг сони 7,000 дан 9,000 га қадар экани айтилади.

Аҳмад Абди Гўдане жамоатчиликка камдан-кам кўринади.

"Аш-Шабаб"нинг ундан олдинги раҳбари, Муаллим Аден Ҳаши Айро 2008 йил АҚШ ҳаво ҳужумларида ҳалок этилганди.

"Аш-Шабаб" 2012 йил февралида "Ал-Қоида"га қўшилади.

Ўшанда "Аш-Шабаб" раҳбари Аҳмед Абди видео мурожаат билан чиқиб, "Ал-Қоида" раҳбари Айман Аз-Завоҳирийга байъат қилганини айтганди.

Бу мавзуда батафсилроқ