Покистондаги иккинчи ер силкиниши инсонлар умрига зомин бўлди

Покистоннинг Балужистон вилоятидаги узоқ Аваран туманида иккинчи зилзила юз берган.

Зилзила кучи 6,8 баллга тенг бўлгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, камида 12 киши ҳалок бўлган.

Бир неча кун олдинги кучли ер қимирлаши юзлаб инсонларнинг ёстиғини қуритганди.

Маҳаллий маъмурлардан бирининг айтишича, биринчи зилзиладан шикастланган бинолар иккинчисидан кейин буткул қулаб тушган.

Бошпанасиз қолган одамларга ёрдам бериш йўлларнинг вайрон бўлгани ва ҳамда маҳаллий жангарилар ҳаракати боис мушкуллашмоқда.

Америка сейсмологлари маълумотларига кўра, янги ер силкиниши бутун Балужистон вилояти ҳудудида сезилган.

Бу сафар Нокжо қишлоғи қаттиқ зарар кўргани, уйлар буткул вайрон бўлиб, одамлар вайроналар остида қолгани айтилмоқда.

Олдинги зилзиладан кейин Карочи шаҳрига олиб борилган ярадорлар ваҳимада кўчаларга отилиб чиқишган.

Покистон ҳукумати жангари гуруҳларга мурожаат қилиб, қутқарув ишларини олиб бораётган аскарларга ҳужум қилмасликни сўраган.

Расмий ҳисобларга кўра, олдинги ер қимирлашида 400 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ