Грецияда Сочи Олимпиадасининг олови ёқилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Олимпиада машъаласи 65 минг чақирим йўлни босиб ўтади

2014 йил Сочи қишки олимпиадасига етказиладиган машъала қадимий Олимпия қишлоғидаги Гера ибодатхонаси вайроналарида ташкил қилинган махсус маросимда оқ кийимдаги актрисалар томонидан параболик кўзгу ёрдамида ёқилди.

Олов эстафетасини 18 ёшли грек чанғичиси Яннис Антониу бошлаб беради ва уни ҳоккей бўйича Россия терма жамоасининг ҳужумчиси Александр Овечкинга узатади.

Олимпиада машъаласи 123 кундан кейин очиладиган Олимпиаданинг тантанали маросимигача 65 минг чақирим масофани босиб ўтади.

Машъалани ёқиш маросимида қатнашган Халқаро Олимпия қўмитасининг президенти Томас Бах нутқ сўзлаб, Россияни Олимпиада ўйинлари қадриятларига амал қилишга чақирган.

Машъала - бу дўстлик, маҳорат ва ҳурмат рамзи ҳисобланади, деб айтган жаноб Бах.

71 ёшли Жак Рогнинг ўрнига келган Томас Бах Олимпиада ўйинларидан сиёсий мақсадлар учун фойдаланмаслиги кераклигини таъкидлаган.

"Қадим Грецияда бўлгани каби Олимпиада ўйинлари сиёсий муаммоларни ҳал қилолмайди ва одамлар учун абадий тинчликни таъминлаб беролмайди. Лекин Олимпиада машъали - бу бизнинг олимпиада чегараларимизни англатиб туради" ,- деб айтган жаноб Бах.

Россиянинг турли чеккаларида 14 минг спортчи машъалани олиб ўтади. Ва ниҳоят олимпиада олови Халқаро фазо станциясига, Байкал кўли тубига ҳамда Оврўпонинг энг баланд Эльбрус тоғи чўққисига олиб борилиши керак.

2014 йил 7 феврал куни эса Сочи Қишки Олимпиада ўйинларининг олови ёқилади.