Саудия Арабистони: машина бошқариш аёлнинг тухумдонига таъсир қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Саудия Арабистонида расман тақиқланмаган бўлсада, аёлларнинг машина ҳайдашига рухсат берилмайди.

Бу ҳақда саудиялик диний уламолардан бири шайх Солиҳ Лохайдан мамлакатда аёлларга машина ҳайдашга рухсат бериш ҳақидаги кампанияга жавобан билдирган.

Шайхнинг сўзларига биноан, рулда доимий ўтирадиган аёлларда нуқсонли бола туғиш хавфи ошади.

Шу билан бирга жаноб Лохайдан аёл киши машина ҳайдаши мумкин бўлган ҳолатларни қўшимча қилган.

Яъни қачонки эри ярадор бўлганда ёки улар чўлнинг ўртасида қолиб кетган қийин вазиятлар тақозо қилганда аёл машина рулини бошқариши мумкин, деган у. Саудия Арабистонида расман тақиқланмаган бўлсада, аёлларнинг машина ҳайдашига рухсат берилмайди.

Аёлларга машина ҳайдашга рухсат берилишини сўраб 12 минг киши имзо чеккан.

Бироқ аёлларнинг ушбу ҳуқуқларини ёқлаб кампания бошлаган ташкилотчилар уларнинг рақамлари Твиттер ижтимоий тармоғида тўсиб қўйилганини айтишмоқда.

Рухсат бермаслик учун асос кўрсатинг, дейишганди аёллар

Аёлларнинг ҳайдовчилик ҳуқуқлари учун бошланган кампания 26 октябрда норасмий тўсиққа қарамасдан уларнинг рулга ўтиришларини ташкиллаштирмоқчи.

Бу ғоя Имон ал Нафжанга тегишли бўлиб, ўша куни аёлларнинг рулга ўтиришлари содир бўлади деб ишонади.

Унга кўра, жамоат ҳаракати барча саудияликлар учун жинсидан қатъий назар бир хил бўлиши керак.

Кўпгина нуфузли саудияликлар бу ғояни қувватлашларини билдиришган. Шунингдек кампаниянинг веб-сайтида машина ҳайдаётган аёлнинг видеоси жойлаштирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Аёлларни машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, уларни доим эрларига тобе қилиб қўяди, дейди саудиялик хотинлар.

Шамс исмли қўшиқчи кампанияга боғлиқ "Ҳайдаш бизнинг ҳуқуқимиздир" деган қўшиқ ҳам ёзган.

Имон ал Нафжан бошлаган ҳаракат мурожаатида "Саудия ҳукуматида балоғатга етган аёлларнинг машина ҳайдашига рухсат бермаслик учун ҳеч қандай асоси йўқ экан, машина бошқаришга лаёқатли ва бу ҳуқуқни олишга иштиёқманд аёллар бундай имкон билан таъминланишига чақирамиз", дейилади.

Бу эса Саудия ҳукумати аёлларга машина ҳайдашни тақиқлашни ҳамон давом эттирар экан, бунинг учун ҳақиқий ва юридик асосларини кўрсатиши керак бўлади деганидир.

Охирги пайтлар Саудия Арабистонида аёлларга сайловларда овоз беришга рухсат этилмоқда.

Лекин кўпчилик саудиялик аёллар буни ҳукуматнинг кўзбўямачилиги сифатида кўради.

Уларга кўра, аёлларга ҳақиқий эркинлик бериш учун , эркакларга ҳар доим тобе қилиб қўйиш анъаналарини бузиш керак. Жумладан машина ҳайдашга рухсат бермаслик ҳам асосий вақти оиладан ташқарида бўладиган эрларга аёлларни доим тобе қилиб туради, деб ҳисоблайди улар.

Саудия қироллигида бундан 20 йил олдин ҳам аёлларнинг машина ҳайдашига рухсат бериш кампанияси бошланган, лекин самарасиз тугаган эди.