‘Кўнгли нозик’ миллиардерга эрга тегмайсизми?

Image caption Хитойда келин бўламаган, деганларнинг сони озайиб бормоқда, дейди Люси Аш.

‘Кўнгли нозик’ миллиардерга эрга тегмайсизми?

Бугун иқтисоди гуллаб, миллиардерларининг сони ҳам ортиб бораётган Хитойда ана шундай хизматни таклиф қилувчи хос ширкатлар ҳам пайдо бўлибди.

Яъни, бир қарашда ҳар жиҳатдан тўкис бўлган Хитойда ҳозир энг тақчили – ёш қизу жувон экан.

Би-би-си мухбири Люси Ашнинг ёзишича, куёвликка харидорлар тиқилиб кетган бир пайтда келин бўламан, деганларининг сони йил сайин озайиб бормоқда.

Шундай экан, хотин топиш йўлидаги рақобатни кўринг:

Қўлидаги музли қаҳвасини чангаллаган Пенг Тай билан кўчанинг адоғидаги савдо марказига кириб борамиз.

Ҳали эскалаторда эканимиз чоғи у кўзларини атрофга аланг-жаланг қилганча, “қиз” излашга тушиб кетади.

“Ҳув анави сариқ рангли либосдагиси бўлмайдими”, - дея мен ҳам ақллилик қиламан. “Уҳ, уҳ, бўйи жуда калта”, - дейди ҳамроҳим.

Худди шу пайт калтагина шортикда бўлган қизгина пойафзал дўконидан чиқиб қолади....”Йўқ. Жуда ориқ”.

“Менга териси нафис, оқишдан келгани керак”, - дея менга изоҳ беради у. “Улар жуда қотма ҳам, тўлача ҳам бўлмасликлари, кейин юришлари ҳам бинойидек бўлиши лозим”. Орадан дақиқа ҳам ўтмай, ҳамроҳим ўзига атир танлаётган 20 ёшлардаги башанг кийинган зебо бир қизни гапга солади.

“Бошингиз очиқми?”, - у гапнинг дангалига кўчиб қўя қолади. “Яхши бир йигит бор, нима дейсиз?” Қиз жавоб беришни ҳам эп кўрмай, боши билан йўқ ишорасини берганча, биздан узоқлашади.

Ҳамроҳимнинг саволидан хижолат тортиб, ёки пешанаси тиришган яна бир қанча қизу жувондан ҳам рад жавобини оламиз.

“Бизга кулиб тургани керак”

Йўлимизни чиқиш эшигига қараб соламиз. Бор аламини қаҳвасидан олаётган Пенг Тай, “Бизга юзидан қаҳри томиб турган қизлар керак эмас”, - дейди.

Шу пайт кўзимиз устида енгсиз кофта ва оёғида пошнаси бир қарич туфли кийиб олган ёшгина қизга тушади.

Ҳамроҳим бутун санъатини ишга солиб, юзу кўзлари жилмайиб, унга яқинлашади.

Кўзлари ҳайратдан катта-катта очилиб кетган қизгинани “бойвачча барно йигит” таклифи қизиқтириб қўяди

Гап устида унинг манзилини олишга муваффақ бўлган Тай савдо маркази бўсағасида қўлидаги “iPhone”и билан уни суратга олишга ҳам улгуради.

Ҳамроҳим Хитойда “келин изловчи” сифатида кўрилади. Унинг кунига учта “қиз” топиши шарт.

Бойвачча сўққабошлар

Тай Шанхайдаги “Олмос Сўққабошлар Идораси”да ишлайди.

Ўзларига хотин топиш илинжида бўлган юзлаб хитойлик бадавлат эркаклар бу идоранинг хизматидан фойдаланишади.

Хизматнинг қандайлигига қараб, унга аъзолик устамаси ҳам ҳар хил. Бироқ бошланғич суммаси 15.000 фунт стерлингдан кам эмас.

Ўхшатишим учун кечирасизу, лекин Пенг Тай ва унинг ўнлаб касбдошлари менга қармоғимга нима илинаркин деб, қайиқчаларида овга чиқувчи балиқчиларга ўхшаб туюлишди.

Аммо миллиардер харидорларининг “таъблари жуда нозик” эмасми, улар ўз “ўлжалари”га шунга яраша “ишлов беришлари” ҳам керак бўлади.

Дейлик, мижозлардан бири бўлажак рафиқасининг машҳур актриса Чжан Цзыига ўхшашини истаб қолади.

Кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи бошқа бир миллиардер эса, пулини аямай, ўзига муносиб жуфт топишлари учун тўққизта шаҳардан 10.000 та қиз билан суҳбат қилишларига буюртма беради.

Кимга қандай фойда?

Пенг Тай қанча келин топганига қараб, ҳақ олади. Аммо мукофот пуллари бошқа масала.

Агар сиз “қиз топиш”да устаси фаранг бўлсангиз, ўн минглаб фунт мукофот пули олишингиз мумкин.

Мен ҳамроҳимдан, “Ҳеч қизларга худди буюмдек муносабат қилаяпман, деб ўйламайсизларми”, -деб сўрасам, “Менга улар фикрларининг қизиғи йўқ”, - дейди.

“Бу – менинг ишим. Биз эҳтиёж жуда катта бўлган хизматни кўрсатаяпмиз”.

Аммо бойваччалари ўзларининг дидларига мос келин топиш учун пулларини аямай совураётган бир пайтда, қашшоқлари аҳволининг танглигидан бир умр бўйдоқ ўтиб кетаётганлари ҳам бор гап.

Чунки, чўнтагининг қандай эканига қарамай, шу кунларда куёв бўламан, деган хитойлик йигит машина, яхшигина маошли иш ва уй-жойни ҳам нақд қилиб қўйиши керак.

Мен Пекинда учратган муҳандис йигитчанинг айтишича эса, бир хонали квартира олиши учун емай-ичмай 200 йил, яни икки аср пул йиғиши керак бўлади.