Хитой иқтисодини янада очмоқчи, жиддий ислоҳотларга қўл урмоқчи

Коммунистик тузум раҳбарияти энг муҳим ва узоқ кутилган иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун Шанхайда янги эркин савдо ҳудудини ишга туширди.

Image caption Шанхай Хитойнинг янги эркин савдо ҳудудига айланди

Бу – қўшни Хитой ташқи дунёга очила бошлаган қарийб чорак асрлик вақт давомида қўл урилаётган энг жиддий иқтисодий ислоҳот сифатида талқин этилмоқда.

Тажриба тариқасида синаб кўрилаётган эркин савдо ҳудудидаги банклар ва бизнесларга катта эркинлик берилади.

Улар савдо-сотиқ, сармоя ва пул айирбошлаш масаласида кўплаб маъмурий чекловлардан холи бўлишади, бемалолроқ фаолият юритишади.

Янги режа Бош вазир Ли Кэцян дохил Хитойнинг айрим қудратли сиёсатчилари томонидан дастакланган.

“Бунақа очиқлик бўлмаган”

Эркин савдо ҳудудлари дунёнинг иқтисоди қудратли иккита давлатидан биттаси бўлган Хитойда янгилик эмас.

Лекин Шанхайдагисининг ортида бошқаларида кузатилмагани каби Хитой Давлат Кенгаши (Вазирлар Маҳкамаси)нинг ўзи турибди.

Устига устак, яқинда хорижий сармоядорларга оид айрим қонунларнинг бекор қилиниши янги эркин савдо ҳудуди ўзгача бўлиши мумкин, деган фикрларни ҳам туғдирган.

Аён бўлишича, Шанхайдаги тажриба майдони Хитойдаги мавжуд қолган тўртта эркин савдо ҳудудини ҳам ўз ичига олади. Хитойлик етакчи иқтисодий мутахассисларга кўра, 28 квадрат километрга узанган ҳудуд фақатгина импорт ва экспортга қўйилган солиқларнинг бекор қилинишини англатмайди.

“Эркин савдо ҳудуди иқтисодни янада эркинлаштириш ва бу йўлда олиб борилажак ислоҳотларни назарда тутади”, - дейди эксперт Хайбинь Чжу.

“Бу – камида тўртта соҳани ўз ичига қамраб олади. Яъни, савдо-сотиқ, сармоя, маъмурий ва молиявий соҳалар ислоҳ этилади”.

Экспертнинг қўшимча қилишича, “Энг муҳими – марказий ҳукумат ва бозор орасидаги муносабатнинг меъёри аниқланади”.

Очилиш

Агар, хомаки режаларга қаралса, Хитой ҳукумати ўзини бир четга тортиб, иқтисодий бошқарувни молиявий соҳаларнинг зиммаларига юкламоқчи.

Дейлик, янги эркин савдо ҳудудидаги банклар фоиз кўрсаткичларини қўйишда эркинроқ бўлишади.

Бундан ташқари, валюта айирбошлашга қўйилган чекловлар ҳам бекор қилиниши мумкин.

Яна хорижий ётиримчиларнинг Хитой шу пайтгача изн бермай келаётган соҳаларга сармоя киритишларига ҳам изн берилиши мумкин. Бу эса, теле-коммуникация тармоғини ҳам кўзда тутади.

Буларнинг барчаси Хитой иқтисодини либераллаштириш йўлида қўйилаётган қадамлардир.

Анча пайтдан бери ҳам мамлакатнинг ўзида ва ҳам четда Хитой ҳукуматини бу каби ислоҳотларни амалга оширишга ундовчи даъватлар янграб келаётганди. Аммо, ҳозир раҳбарият бунга тайёрдек кўрингани билан, бу иш осон бўлмаслиги мумкин.

Чунки бундан 30 йил бурун Хитой собиқ раҳбари Дэн Сяопин юрак ютиб қўл урган иқтисодий ислоҳотлар, айримлар наздида, ўлда-жўлда қолиб кетган.

Умидлар ҳам йўқ эмас

Кўпчилик Хитой иқтисодида ҳақиқий ва кенг кўламли оғриқли ислоҳотлар ўтказилиши шарт, деган фикрда.

Худди ана шу манзарада, сўнгги ташаббусларни фақат рамзий бир илтифот сифатида баҳолаётганлар ҳам йўқ эмас.

Яъни, бу масалада энг муҳими – янги эркин савдо ҳудуди билан Хитойнинг қолган қисмлари орасидаги деворнинг қанчалик қалин бўлишига боғлиқ бўлади.

Дейлик, жиддий иқтисодий ислоҳотлар фақат эркин савдо ҳудудининг ўзи билан чекланиб, натижасидан қолган бизнеслар баҳраманд бўлишмаса, бу – тажриба бир тийинга қиммат бўлиши мумкин.

Аммо янги ташаббусга тикилаётган умид кўзлари ҳам катта.

Чунки сўнгги йилларда Хитойда тижорат, сармоя ва пул эркинроқ айланаётгани кузатилади. Буни эса, кўплаб кузатувчилар хуш қаршилашмоқда.

Уларга кўра, бу - узоқ кутилган жиддий иқтисодий ислоҳотлар бўлмаса-да, йўқ деганда, уларнинг ибтидоси бўлиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ