Афғонистон: коммунист тузум ваҳшатларидан хотиралар

Афғонистонда икки кунлик мотам давом этмоқда. 1970 йилларнинг охирида коммунист ҳукумат қурбонлари ёди хотирланмоқда.

Айни мотам маросимларига аввалроқ 5000 нафар қурбон бўлганлар ва ё бедарак кетганларнинг рўйхати чоп этилгани сабаб бўлган.

Аксарият ҳукуматнинг анъанадор ва ё исломий мухолифати ва ёки рақиб коммунист гуруҳларнинг вакиллари бўлишган.

Би-би-си Афғон Хизмати муҳаррири Лутфулло Латиф Пули Чархийдаги ваҳшатнок қамоқхонадан омон чиққанлардан бири...

1978 йилнинг ноябри эди. Мен Кобулда Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишлардим. Кунлардан бир кун ҳамкасбларим пастда кимлардир мени сўраётганини айтиб қолди. Уч расмий мени Ички ишлар вазирлигида сўроқ қилишмоқчи эканларини айтиш учун келган эди.

Кўнглим бу яхшилик бўлмаслиги мумкинлигини сезиб турарди. Чунки, мен фаол талабалардан эдим. Ўша вақтда ҳукумат кўп одамларни ҳибс қилинаётгани ҳаммада шубҳа уйғотганди.

Аммо, мен ҳали бу 13 ой давом этадиган ва ҳамон мени тарк этмаган даҳшатнинг бошланиши эканини билмас эдим. Мени вазирликка олиб кетишди ва бир ҳафта сўроқ қилдилар.

Ҳар тун улар соат 12 ва ё 1 ларда келишар ва бериладиган саволлар ҳаммаси "ҳукуматга қарши тил бириктирганларни танийсанми" деган масалага жо бўларди. "Махфий йиғинларда қатнашганмисан, ким раҳбарларинг, уларнинг мақсади нима?" деб сўрашарди. Мен улар нима ҳақида гапираётганини билмасдим. Бир тун улар электр ишлаб чиқарадиган кичик бир ускуна олиб келишди. Бу ускунанинг бир четида мурвати бор эди. Икки симини менинг оёқ бармоқларимга улашди.

Улар мурватни бурашди ва мен электр қуввати зарбидан қийналардим. Улар мурватни баттарроқ бурашарди. Ҳар тун шу такрор бўларди. Улардан бири менга:"Қара, агар, бирор нарса деб ёзиб бермасанг, ҳеч қачон бу ердан чиқмайсан", деб айтди. Мен бир нарсалар тўқишга мажбур бўлдим. Ҳеч кимни айбламадим, албатта...Бир ҳафтадан кейин мени қаергадир олиб кетишди. Мен озод бўлдим деб ўйлагандим, аммо мени Пули Чархи қамоқхонасига олиб келишди.

Бизни катта бир хонага қамашди. 120 та маҳбус бор эди. Ҳаммамизда бир парчагина ётиш учун жой бўлиб, иккита кўрпа беришганди. Табиий, ерда ётар эдик. Биз оёқ чўзиш учун ҳам навбат қилардик.

Image caption Лутфулло Латиф 70-йилларда

Чунки 120 нафар маҳбус бир пайтнинг ўзида ётолмас ва ё юролмас эди. Кунига икки марта ҳовлига олиб чиқишарди. Оқар сув йўқ эди. Ҳаммаёқ ифлос ва кир. Бир катта идишга сув қуйиб қўйишганди.

Ҳожатхоналар ҳам тахтадан ясалганди. Юзлаб маҳбуслар навбатга туришарди. Танаффуснинг ўзи ўша ҳожатхоналарга навбат кутишга кетар эди. Овқат еб бўлмайдиган даражада айниган эди, аксарият фақат қотган нон ва чойга қаноат қиларди. Овқат едингиз касал бўлардингиз...

Оилам эса билишмасди қаерда эканлигимни...Улар ҳар куни қамоқхонага қатнашган ва ниҳоят уч ҳафтадан кейин кийимлар ва озгина пул ўтказишга муваффақ бўлганлар...

Қарийб тўрт ой шундай ўтди. Кейин Президент ўринбосари Ҳафизуллаҳ Амин Президент Нур Муҳаммад Таракини ўлдирди...Шундан кейин қамоқҳона нозири ўзгарди. Ҳаёт биз учун ҳам яхшилана борди...Ташқарига кўпроқ чиқаришарди. Газеталар бера бошлашди. Кичкина телевизион олиб келиб беришди.

Улар бизга сиёсий ҳаёт яхшиланганини кўрсатмоқчи бўлишарди, аммо ташқаридан даҳшатли хабарлар келар эди. Кўплаб одамлар ҳибсга олинган ва қатл қилингани ҳақида хабарлар эди...Кунларнинг бирида 200 нафар маҳбусни олиб кетишди ва кўп ўтмай бизга ўқ овозлари эшитилди.

Миш мишларга кўра, улар қамоқхона ташқарисидаги бўш далаларга олиб чиқиб маҳбусларни отишган экан...Анча ўтгандан кейин бу ердан қабрлар ва жасадларни топишди...

Қамоқхона ичида эса... айрим пайтлар маҳбусхона қўмондони ҳар бир хонага кириб чиқарди. Маст-алас қўлидаги таёғини ишга соларди. У бизга ҳукуматнинг барча душманлари қандай қилиб йўқ қилишини ҳақида маъруза ўқир эди. Биз қарсак чалиб туришимиз керак эди. Қарсак чалмаганларни уришарди. Бир куни менинг ёнимда ўтирган маҳбус ухлаб қолди. Бечорани шунақа калтакладики, унинг қовурғалари, жағи синди...Уни олиб кетишди ва бошқа уни биз қайтиб кўрмадик.

1979 йилда Шўролар Армияси Президентни ағдарди.

Кечқурун соат саккизларда отишма овозларини эшитдик. Соат ўнларда аскарлар қамоқхонани ишғол қилишди.

Биз рус ва афғон аскарларини коридорларда югуриб юрганини кўрдик. Улар бизнинг хоналаримизга келишди ва эртага озод бўлишимизни айтишди.

Эртаси куни автобусларда бизни шаҳар марказига олиб келиб озод қилишди. Мен ўз жияним билан биргаликда такси олиб уйга келдим. У ҳам мен билан бирга зиндонбанд этилганди.

Уйга келгач, жияним онамга: "Қаранг, мен кимни олиб келдим. Айтгандим, сизга топиб келаман деб..." - деди.

Бу мавзуда батафсилроқ