Туркияда рўмол ўраган аёл давлат идорасида ишлаши мумкин

Image caption Жаноб Эрдўғон ислоҳотларни тарихий қадам деб атаган.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон қатор инсон ҳуқуқлари ислоҳотини эълон қилган.

Ислоҳотлар жумласидан, энди Туркияда рўмол ўраган аёлнинг давлат идорасида ишлаши мумкин, курдлар ўз тилларида хусусий мактабларда сабоқ олишлари мумкин ва парламентдан ўрин олиш учун талаб қилинадиган 10 фоизлик тўсиқ камайтирилади.

Мухолифат исломий илдизга эга қудратдаги Адолат ва Тикланиш партиясининг ушбу ислоҳотини Туркиянинг дунёвийлигига янги бир ҳужум деб танқид қилган.

Туркия Бош вазири ислоҳотлар охирги эмаслигини айтган.

Курдларнинг азалдан яшаб келган шаҳарлари ҳам эски тарихий отини олади.

Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг исломий партияси узоқ вақтдан буён аёлларнинг рўмол ўраб давлат идораларида ишлаш ҳуқуқи учун курашиб келади.

Хотин-қизларнинг рўмол ўраши мамлакатдаги дунёвий ва диний анъаналар тарафдорлари ўртасидаги баҳсталаб мавзулардан биридир.

Ёз ойида Туркиянинг катта шаҳарларини қамраб олган намойишлар тўлқини ҳукумат учун жиддий синов бўлди дейиш мумкин.

Эрдўғон ва унинг "Адолат ва тараққиёт партияси"га нисбатан дунёвий давлат талабларидан чекиниб, исломийликка қараб бораётгани ҳақида танқидлар бот-бот янграйди.

Image caption Аёлларнинг рўмол ўраши Туркияда баҳсталаб мавзулардан бири.

Эндиликда давлатнинг аксарият идораларида ишлайдиган аёллар рўмолларини ўрашлари мумкин. Лекин суд, прокуратура, полиция ва ҳарбий соҳада ишловчиларга рўмол ўраш тақиқи кучида қолдирилди.

Ўз ҳуқуқлари учун курашиб келган, мамлакат аҳолисининг 20 фоизини ташкил қилувчи курдлар учун ислоҳотлар узоқ кутилган эди.

"Курдистон ишчилар партияси" исёнчилар гуруҳи ва Туркия армияси ўртасида қарийб 30 йилдан буён давом этиб келган қарама-қаршиликларда 40 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Мамлакат парламенти, маориф тизими, диний ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида сезиларли ўзгаришларга олиб келадиган бу ислоҳотларни Туркия ҳукумати, хусусан жаноб Эрдўғон "тарихий қадам" деб атаган.

2014 йилда Туркияда маҳаллий ва президентлик сайловлари бўлиб ўтиши керак. Кузатувчилар Эрдўғон ислоҳотлар бошлаб, либерал сўл ва курд сайловчилар дастагидан умид қилаётганини айтишади.

Айрим Курд сиёсатчиларига кўра, Туркия ҳукумати томонидан Курдларга ён босиш ҳали етарли эмас.

Туркия ҳукумати нима учун ушбу ислоҳотни амалга оширишга қарор қилди? Бу тўғрисида турли фикрлар билдирилмоқда.

Би-би-си ушбу савол билан Туркияда истиқомат қиладиган Ўзбек сиёсатчиси Намоз Нормўминга мурожаат қилди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди