"Ал-Қоида" аъзо бўлиб кириш шартларини осонлаштирди

Image caption Охирги йилларда кўплаб ал-Қоида раҳбарлари ўлдирилган эса-да, тармоқ кенгайиб бормоқда

Фаолият қамровини кенгайтираётган "ал-Қоида" ўз сафларига янги авлод вакилларини ёллашга тушган.

Усома Бин Лодин Сомалидаги Исломий гуруҳ - "аш-Шабоб"ни "ал-Қоида" таркибига қўшилишини истамади.

2011 йилда Абботободда ҳалок этилиши ортидан Усома Бин Лодин уйида топилган мактубда ал-Қоида раҳбарининг "аш-Шабоб"ни танқид қилгани аён бўлади.

"Ал-Қоида" раҳбари аш-Шабоб раҳбариятининг "жиноятлари аниқ бўлмаганлар"га қарши қаттиқ жазоларни тайинлашидан норози бўлган.

Аммо "ал-Қоида" янги раҳбари, Аймон ал-Завоҳирийни "аш-Шабоб" камчиликлари унчалик ташвишлантирмайди.

Бин Лодин ўлимига бир йил тўлар-тўлмас Завоҳирий "аш-Шабоб"нинг ал-Қоидага қўшилишини хуш қарши олди.

"Завоҳирий "аш-Шабоб"нинг "ал-Қоида"га қўшилиши тармоқ қамровини кенгайтиради, деб ўйлайди," - дейди БМТдаги "ал-Қоида" ва Толибонни мониторинг қилиш гуруҳининг собиқ мувофиқлаштирувчиси, Ричард Барнетт.

"Аш-Шабоб"нинг тармоққа қўшилиши "ал-Қоида" раҳбариятининг янгича услубга ўтганини кўрсатади.

Завоҳирий ва унинг издошлари аввалги раҳбариятга нисбатан бирмунча ён берувчан ва анчайин ҳавасманддек кўринади.

"Улар зўр бериб, "ал-Қоида"ни кенгайтиришга тушганлар," - дейди Вашингтон Институтининг Яқин Шарқ Сиёсати бўлими тадқиқотчиси Даниел Грин.

Австралия Федерал Полициясининг собиқ истиҳборот таҳлилчиси Леа Фаррел фикрига кўра, агар "ал-Қоида"га қарам гуруҳлар ва бўлимларни илова қилинса, у ҳозирда ҳар қачонгидан каттароқ тармоққа айланган.

21-сентябрда "аш-Шабоб" Найробидаги Westgate савдо марказига ҳужум қилиб, 60 нафардан зиёд инсонни ҳалок этди.

Ҳужумнинг ўта қонли бўлгани "ал-Қоида"нинг ҳали узоқ вақт мавжуд бўлиб қолишини кафолатлади.

Айни пайтда "ал-Қоида"га боғлиқ яна бир гуруҳ Сурия чегарасидаги шаҳарча устидан назоратни ўрнатди.

Бироқ "ал-Қоида" байроғини ҳилпиратишни истаган биргина бу гуруҳ эмас.

Жангарилар Индонезия ва бошқа мамлакатларда Завоҳирий эътиборини қозонишга интилмоқдалар.

"Улар бирма-бир қўл кўтариб, "илтимос, биз ҳам сизга қўшилайлик?' дейишмоқда" - дейди Фаррел.

Жангарилар агар ташкилотлари "ал-Қоида"га қўшилса, уларга жиддий эътибор кўрсатилишини яхши билишади.

"Ал-Қоида" номи улар учун кўп нарсани англатади, дейди Барнетт.

"Кўплаб жангари гуруҳлар учун ал-Қоида номи "тозалик" деган маънони англатади," - дея тушунтиради у. - "Бу шафқатсиз ва ён бермайдиган гуруҳ эканингни англатади."

Тармоққа аъзоликнинг бошқа таъсирлари ҳам бор.

"Сенга кўплаб йўллар очилади," - дейди Грин. - "Сен алалоқибат ҳалок бўлишингни ҳам биласан."

Вашингтонда жойлашган илмий тадқиқот маркази - New America Foundation ҳисоб-китобига кўра, ўтган 9 йил ичида Покистонда 1,600 дан кўпроқ жангари дрон ҳужумларида ҳалок бўлган.

Дрон зарбалари "ал-Қоида"нинг кўплаб юқори раҳбарларини ҳалок этди.

"Ал-Қоида"га аъзо бўлиб кириш осонлашгани туфайли тармоқ ҳар қачонгидан ҳам катталашди, дейилади Оқ Уйнинг 2011 йил чиқарган ҳисоботида.

"Ал-Қоида ўзаги" - Завоҳирий ва унинг сафдошларидан ташқари тармоқ таркибида унинг кўплаб "иттифоқчилари" ҳам бор, деб ёзади American Enterprise Институти тадқиқодчиси Кэтрин Зиммерман.

Бу "иттифоқчилар" орасида "аш-Шабоб"дан ташқари "Ироқдаги ал-Қоида", "Исломий Мағрибдаги ал-Қоида", "Араб Ярим Оролидаги ал-Қоида" ташкилотлари бор.

Бундан ташқари "ал-Қоида"да унга аъзо бўлмаган тарафдорлари ҳам талайгина.

"Дунё бўйлаб "ал-Қоида"га ёрдам бераётган ва унинг ғояларини қўллаб-қувватлайдиган 100 мингдан ортиқ партизанлар бор," - деб ёзади Лондонда жойлашган Quilliam тадқиқот маркази тадқиқодчилариНоман Бенотман ва Жонатан Рассел .

Завоҳирий жангари гуруҳларнинг "ал-Қоида"га қўшилишларини осонлаштириб қўйган.

Бироқ, тармоққа қўшилиш ҳалиям камида бир йил талаб қилади, дея тушунтиради Фаррел.

Жангари гуруҳлар раҳбарлари ўзаро ёзишмаларни ошкор этмасликка ҳаракат қиладилар.

Мактбулар қўлдан-кўлга ўтиб Покистондаги воситачига қадар етиб боради.

"Воситачи эса мактубни Завоҳирий қўлига топширади," - дейди "Сояларни овлаш" китобининг муаллифи Сетс Жоунс.

Жангарилар алоқа ўрнатишганларидан кейингина ҳамкорлик йўлларини излай бошлайдилар.

"Мулоқот ғоявий масалалар билан бошланади," - дейди Жоунс. - "Улар ҳужумнинг машруъийлиги ё бўлмаса маълум гуруҳ мақсадлари ҳақида гаплашишлари мумкин".

Шартлар келишиб олингач Аймон ал-Завоҳирий жангари гуруҳнинг "ал-Қоида"нинг бир бўлагига айланганини эълон қилади.

"Ал-Қоида" ер ости йўллари, савдо марказлари ва бошқа жойларга ўзининг шафқатсиз ҳужумлари билан ажралиб туради.

Бироқ, шундай бўлса ҳамки, тармоқ сафларига янги аъзолар қўшилишда давом этмоқда.

"Завоҳирийнинг айтишича, Ғарб давлатлари уларни ҳеч қачон йўқ қила олмайди," - дейди Барнетт.

"Ал-Қоида" бир ташкилот эмас, дея тушунтиради у, "бу бир ғоядир".

Бу мавзуда батафсилроқ