Россия: Миллатчилар аввалгисидан йирикроқ юришга тайёрланишмоқда

Image caption "Русский марш" сайтидаги бу сурат оқ болалар келажаги учун оқ ирқни сақлаб қолишга чақиради

Москванинг Журналистлар уйидаги Оқ залда "Русский марш - 2013", яъни рус миллатчи ташкилотларининг юришига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтган.

"Русский марш" 2005 йилдан бери ҳар йили 4 ноябрда бўлиб ўтади.

Россиянинг турли шаҳарларида бўлиб ўтувчи бу миллатчилар амалиёти, ташкилотчилар сайтида айтилишича, туб аҳолининг энг катта юришидир.

Бугунги кунгача "Русский марш"нинг ижрочи қўмитаси таркибига "Объединение Русские", Миллий-демократик партияси (Национал-демократическая Партия), Россия умумхалқ иттифоқи (Российский общенародный союз), "Умумий вазифа" (Общее дело) номли ташкилот ва партиялар аъзолари кирган.

Акция ўз сафларини бойитиш илинжида яна кўпроқ миллатчиларни маршга қўшилишга ундамоқда.

"Русский марш" ҳаракатининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги саҳифалари рус халқини юришга қўшилишга чақириқлар, ҳамда рус бўлмаган аҳоли, хусусан Марказий осиёлик муҳожирлар ва Қофқозлик фуқароларга қарши миллатчи баёнотлар ва шикоятлар билан тўлган.

Москванинг ўзида, сайтдаги хабарларга кўра, 30 минг иштирокчини йиғиш мўлжалланган.

Сентябрь бошида Москва ҳокимлиги сайловларида ўз номзодини илгари сурган миллатчи сиёсатчи Алексей Навальный бу йил юришга қўшилиши борасида бирон баёнот билдирганича йўқ.

Бироқ, у миллатчилар турли муштлашувларга аралашиб юрганидан кўра, бу каби юришларга қўшилиши ижобий ҳол эканини айтган.

Навальный ўтмишда тўртта "Русский марш" юришида иштирок этган, бироқ ўтган йили тумов билан оғриганини айтиб, маршга қўшилмаганди.

Биз миллатчилар матбуот анжуманида қатнашган Би-би-сининг рус хизмати мухбири Юрий Маловеряндан қандай баёнотлар янграганини сўрадик.

Маловерян: Миллатчиларнинг раҳбарлари одатда 4 ноябрда бўлиб ўтадиган Руслар юриши борасидаги режалари ҳақида айтиб беришди. Улар бу юриш Москва ва бошқа Россия шаҳарларидан ташқари, бошқа мамлакатларда ҳам бўлиб ўтишини айтишди. Шунингдек, Москванинг ўзида улар бу йил қатнашчилар сонини рекорд 30 мингга етказишга ишонишларини айтдилар. Руслар юриши охирида ўтадиган концертга айнан 30 минг одам учун ариза берилган. Бунга Москва ҳокимияти ҳали жавоб берганича йўқ. Ўтган тўққиз йил мобайнида Руслар юришларидаги иштирокчилар сони одатда нисбатан бир ҳил бўлиб келган, фақат ўтган йилгиси энг катта бўлган дейиш мумкин - ундан баъзи ҳисобларга кўра, 20 минг одам қатнашган. У, шунингдек, аввалгиларига ўхшаб Москва жануби-шарқида эмас, шаҳар марказида бўлиб ўтган. Ўтган йили норозилик намойиш тўлқини авж олганди, балки шу билан ҳам изоҳлаш мумкин иштирокчилар сонини. Бу йил, мана, миллатчилар қатнашчилар сонини 1,5га оширишга бел боғлаганлар.

Би-би-си: Қандай қилиб улар 30 минг одамни миллатчилар юришига олиб чиқмоқчилар? Миллатчилар сони кўпайганига ишонадиларми?

Маловерян: Миллатчи сиёсатчи Александр Белов-Поткиннинг изоҳлашича, бошқа намойиш ҳаракатларидан норози бўлган одамлар ҳозир анча кўп. Унинг айтишича, бу аросатдаги норози фуқаролар айнан миллатчилар сафига, ўз таъбирида, "учинчи қудрат"га қўшилиш истагидалар.

Би-би-си: Намойишлар кўламига келсак, бу йил у яна кўпроқ шаҳарларга тарқалиши, ва биринчи марта Биробиджан шаҳрида ҳам ўтказилиши айтилган. Миллатчилар юриши Россия бўйлаб янада кенг тарқалади деб айтиш мумкинми?

Маловерян: Ҳа, ҳудди шундай. Улар Россия ва хорижда янги шаҳарларда, аниқроғи, яна 30та шаҳарда миллатчилар юриши бўлиб ўтишини режалашаяпти. Лекин, айтиш жоизки, Россиядаги миллий бирдамлик кунида ўтадиган бу юришлар Москва ва Петербургдан бошқа жойларда катта кўламда ўтмаган. Петербургдагисини ҳам жуда катта деб бўлмайди, фақат Москвадагиси кўп минглаб одамларни йиға олган.

Би-би-си: Бу каби юришлар чоғида қандайдир тўқнашувлар ва зиддиятлар юзага келадими?

Маловерян: Деярли бўлмайди. Охирги йилларда жиддий тўқнашувлар бўлмади деса ҳам бўлади. Гап шундаки, Россия полицияси миллатчиларга муқобил юришларнинг бу кунда ўтишига рухсат бермайди. Масалан, Олмонияда нацистлар юришга чиқса, уларга қарши антифашистлар ҳам чиқишади, ва ўзаро муштлашув ва зиддият келиб чиқади. Бунга Россияда йўл қўйилмайди. Аслида миллатчиларга қарши чиқадиган ҳаракатлар йўқ ҳам. Полиция эса миллатчиларга анча юмшоқ муомала қилади.