Бирмада мусулмонларга қарши зўравонликлар давом этмоқда

Бирманинг ғарбий Ракхайн штатида мусулмонлар ва буддойилар ўртасидаги қарама-қаршиликдан сўнг 44 киши ҳибсга олингани айтилмоқда.

Ўтган ҳафта Сандве туманида маҳаллий буддойиларнинг мусулмонларга қарши ҳужуми натижасида беш киши ўлган, юзлаб уйларга ўт қўйилган эди.

Мамлакат президенти Тейн Сейннинг 2 октябрда минтақага ташрифи ҳам зўравонликларга чек қўя олмаган.

Полиция ҳибсга олганларнинг қанчаси мусулмон ва буддойи эканлиги маълум эмас.

Бироқ ўтган сафарги қонли тўқнашувлардан сўнг ушланганларнинг аксарияти мусулмонлар бўлишган, кейинроқ олти мусулмонга тартибсизликларда иштироки учун ўлим ҳукми берилган эди.

Ракхайндаги рохинга мусулмонларига қарши зўравонликлар ўтган йилдан буён давом этмоқда, минглаб мусулмонлар уйларини ташлаб чиқишган.

Мусулмонларга тегишли уй ва дўконлар буддойилар томонидан кули кўкка совурилган эди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Бирмада мусулмонларга ҳужумлар демократик ислоҳотлар учун жиддий хавф эканидан огоҳлантирмоқда.

Бирманинг демократпараст мухолифат раҳбари, демократия учун кураш рамзига айлаган Ан Сан Су Чи хоним озод бўлганидан сўнг нега Бирма мусулмонларининг ҳуқуқлари топталаётганини кўрмаётгани инсон ҳақлари фаоллари томонидан танқид ҳам қилинди.