Бразилияда ўқитувчилар намойиши зўравонликка айланди

Бразилиянинг Рио де Жанейро ва Сан Паоло шаҳарларида яхшироқ маошни талаб қилаётган ўқитувчиларга дастак билдириб чиққан намойишчилар полиция билан тўқнашганлар.

Рио маркази 10,000 тинч намойишчилар билан тўлган.

Лекин, қоронғи тушиши билан баъзи намойишчилар давлат идоралари ва полицияга қарата оловли шишаларни отишган.

Сан Паолодаги ўхшаш намойиш ҳам боши ёпиқ намойишчилар кўплаб банклар биноларига ҳужум қилишлари ортидан қонли зўравонликлар билан якун топган.

Бразилия 2014 йилда Жаҳон Кубоги ва 2016 йилда Олимпия ўйинларига мезбонлик қилиши кутилар экан, йирик шаҳарлардаги хавфсизлик вазиятини назорат қилиш қийин вазифа бўлади.

Охирги намойишлар бир неча соат давом этган ва аввалига тинч ўтган.

Бироқ, кеч тушиши билан камида 20 нафар "Қора блок" анархистлари шаҳар ҳокимияти дарвозасини бузганлар, бошқалар эса банкларга бостириб кириб, нақд пул узатувчи машиналарни бузишга уринганлар. Баъзи банкларга ўт қўйилган.

Намойишчилар, шунингдек, Рио Бранко шоҳ кўчасида автобусга ўт қўйганлар, ва банклардан мебелларни олиб чиқиб полиция билан тўқнашувларда тўсиқлар ясаганлар.

Ҳукумат кучлари тартибни қайта тиклаш учун кўзни ёшлантирувчи газни қўллаган.

"Полиция бўлмаса, зўравонлик ҳам бўлмайди. Қачонки полиция келса, зўравонлик бошланади," - деди бўйнидан газ ниқоби осилиб турган 23 ёшли анархист Уго Криос.

"Мен ҳар қандай шароитга тайёрланиб келдим. Уларга ишониб бўлмайди," - деди у.

Ўқитувчилар икки ойдирки маошлар оширилишини талаб қилишмоқда. Зўравонлик келиб чиқишидан аввал уларни қўллаб-қувватлаб таҳминан 50 минг одам намойишларга қатнашгани ишонилади, бироқ полиция бу сон 10 минг эканини айтди.