Лондоннинг машҳур 'қора' таксилари Австралияга 'оқариб' боради

Аён бўлишича, ўзининг тарихий "қора"лиги билан фақат Лондонга хос сифатлардан бирига айланган бу каби "анъанавий такси"ларга Австралиядагиларнинг ҳам ишқлари тушиб қолибди.

Тижорат, дегани даромад эмасми, Лондон Такси Ширкати учун ҳам пул ишлашнинг қойилмақом имконияти.

Ширкат Австралияга юзтача такси жўнатишга жўнатибдию, аммо қорасининг ўрнига оқ ранглисини юборишга аҳд қилибди.

Уларнинг нега бундай қарорга келишганию, қора таксининг ўрнига оқининг юборилганига австралиялик буюртмачилар муносабати қандай бўлгани ҳозирча маълум эмас.

Аммо, шуниси аниқки, рангига қарамай, келаси бир неча ҳафта ичида Австралия масъуллари таксиларнинг ўз йўловчиларига қанчалик маъқул тушишини синаб кўришмоқчи.

Агар, фуқаролари, "қойилмақом", деган тўхтамга келишса эса, Лондон Такси Ширкатига янада кўпроқ буюртма беришмоқчи.

Бу шу йил сентябр ойида ўз фаолиятини Хитой ширкати бошқаруви остида қайта бошлаган Лондон Такси Ширкатининг дастлабки буюртмаларидан бири бўлади.

Аммо Лондон ширкати ижроий раҳбари оқ таксилари Австралияда ҳам ҳамманинг кўнглига ўтиради, деган ишончда.

Унинг айтишича, ҳатто, Лондоннинг ўзида маҳаллий ҳайдовчилар, "Менга сотгин, менга сотгин", деб 50 та оқ такси теккан буюртмачининг бошини шишириб юборишган.

Эван Саймонга кўра, собиқ қора такси ҳайдовчилари "оқи"лик ҳам бўлиш истагидан ташқари, австралиялик ҳамкасблари билан ўз ҳайдовчилик сирлари билан бўлишишмоқчи.