Аёлнинг президент бўлишига жамият қандай қарайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Pashto

Афғонистон сиёсатида деярли нотаниш ва яккаю ягона аёл номзод бўлган Хадича хоним Ғазнавий аксарияти ниҳоятда қудратли сиёсатчи ва собиқ мужоҳиддин қўмондонлари бўлган ўттизга яқин эркак рақиблари билан президентлик учун беллашмоқчи.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Афғонистоннинг бу яқин тарихида бунча кўп сондаги номзод президентлик учун беллашмаган.

Миллати ҳазара бўлган Хадича хоним Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён президентлик сайловларида иштирок этаётган тўртинчи аёл номзод бўлади.

Аммо ораларида Масъуда Жалол каби таниқли аёллар бўлганига қарамай, унгача бўлган ҳеч бир номзод Афғонистон президентлик сайловларида пичоққа илингудек натижа кўрсата олишмаган.

Маҳаллий кузатувчилар эса, Афғонистонда аёл кишининг қудратга келишига асосан уч омил: халқнинг менталитети, урф-одат ва анъаналар тўсқинлик қилаётганини айтишади.

Аммо, уларга кўра, буларнинг барчасини енгиб ўтишга қодир бўлган айрим афғон аёллари ҳам бўлишса-да, авторитет ва қудрат масаласида эркакларга бас келишолмайди.

"Афғонистон халқи раҳбар сифатида яхши, бообрў, жиддий, айтган гапининг устидан чиқа оладиган ва дунё билан яхши алоқа боғлай оладиган инсонни истайди", - дейди Туркиядан сиёсий таҳлилчи Абдулсалом Осим:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Хадича хонимнинг ўз номзодини президентликка илгари суриши эса, Афғонистонда аёлларга ўта қаттиққўллиги билан танилган Толибон ҳаракати кучаяётган ва хорижий қўшинлар ортга сафарбарликни кўзлаётган бир паллада кузатилмоқда.

Афғонистонда Толибон тузуми қудратда бўлган 90-йиллар охирларида хотин-қизларнинг нафақат таълим олиш ва ишлаш, эркак ҳамроҳсиз, ҳатто, кўчага ёлғиз ўзларининг чиқишларига ҳам изн берилмаган.

"Аёл киши отга минганда..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Айни ўринда таъкидлаш жоиз, бу яқину узоқ тарихида Афғонистонни аёл киши бошқарган эмас.

Ҳукумат бўғинларида аёл сиёсатчи кўтарилган энг юқори лавозим Хотин-қизлар масалалари бўйича вазирлик бўлади.

Афғонистон тарихидаги аёл киши бошқарган илк партияга ҳам бор-йўғи ўтган ҳафта асос солинганди.

Унинг ташкилотчиси бўлган Фавзия Куфий хонимлари ҳам Афғонистон тарихида биринчи бор парламент спикери муовини даражасига кўтарилган аёл сиёсатчи бўлади.

Афғонистоннинг ўттиздан ортиқ вилоят ва тўрт юзга яқин тумани ҳокимлари орасида ҳам аёлларининг сони бор-йўғи иккита.

Ана шу аёллардан бири ҳам шу йил бошида Ўзбекистон билан бевосита чегарадош Афғонистон шимолидаги қудратли сиёсатчилардан бири, Ўзбек генерали Абдулрашид Дўстум туғилган туманга ҳоким этиб тайинланганди.

45 ёшли Сайёра Шикиб Саодат Афғонистон тарихида ва ўзбеклар яшовчи туманда ҳокимлик лавозимини эгаллаган илк аёл киши бўлганди.

Бошқаси эса, йилларки, яқин-яқингача ўзининг улкан тарихий Будда ҳайкаллари билан ном чиқарган Бомиён вилоятида ҳокимлик қилаётган Ҳабиба Саробий хонимларидир.

Аммо Афғонистон жойлашган минтақа учун аёл давлат раҳбарлари бегона эмас.

Дейлик, халқнинг менталитети, урф-одат ва анъаналари Афғонистондагиси билан бир хил бўлган қўшни Покистонда ҳозирда марҳум Беназир Бҳутто хоним икки бор Бош вазирлик қилган.

Қанчалар анъанадорлиги борасида Афғонистондан ҳам ўтиб тушган Ҳиндистонни эса, ўз вақтида Индира Ганди хонимлари бошқарган.

Марказий Осиёда-чи?

Қўшни Қирғизистонда ҳам маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар орасида қонли низолар келиб чиқиб, юзлаб инсоннинг умрига зомин бўлгани айтилган йили ҳокимиятга аёл президент - Роза Ўтинбоева келганди.

Ўтинбоева хоним ўшанда Марказий Осиё минтақасида давлат раҳбарлиги лавозимини эгаллаган илк аёл сиёсатчи бўлганди.

“Адолат” Социал демократик партияси Сиёсий кенгашининг биринчи котиби, палата раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова эса, Ўзбекистонда 2007 йилда президентлик сайловларида иштирок этган илк аёл номзод бўлганди.

Дилорам Тошмуҳаммедова ўша йил декабр ойида бўлиб ўтган ва амалдаги президент Ислом Каримов қарийб 90 фоиз овоз билан ғолиб чиққан сайловларда у бор-йўғи 3 фоизга яқин овоз йиққанди.

Аммо, орадан ой ўтиб, Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси спикери этиб сайланганди.

Унгача минтақанинг бошқа бирор бир давлатида аёл киши президентлик сайловларида расман иштирок этмаган.

Келаси ойга режаланган сайловларда Тожикистонда ҳам илк бор аёл номзод президентлик учун беллашиб кўрмоқчи.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, 65 ёшли инсон ҳуқуқлари фаоли ва жамоат арбоби Ойнихол Бобоназарованинг номзоди минтақадаги ягона диний - Исломий Уйғониш партияси етакчилик қилувчи мухолифатдаги Тожикистон Ислоҳотталаб кучлари иттифоқи томонидан илгари сурилган.

2015 йилги президентлик сайловлари арафасида эса, тўнғич қизи Гулнора Каримова президент Ислом Каримовнинг эҳтимолий меросхўрларидан бири сифатида кўрилади.

Аммо айрим минтақавий таҳлилчилар унинг ранг-баранг фаолиятини назарда тутиб, катта сиёсатга қанчалик лаёқати етишини савол остига олишса, бошқалари аёл раҳбарни халқнинг менталитети қанчалик қабул қилишига эътиборни тортишади.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистонни ҳам ўз замонавий тарихида ҳалича аёл киши бошқарган эмас.