Карзай Толибон билан ҳамкорлик, Обаманинг ишончсизлиги ва НАТО етказган "жабру жафо" ҳақида

Image caption Бу Ҳомид Карзайнинг АҚШ ва НАТОга қарши илк танқидий чиқиши эмас

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай лавозимдан кетишига олти ой қолар экан, Би-би-сига интервью берган. У Оқ Уй билан алоқалари, Толибонни ҳукуматга жалб қилиш режалари, коррупция ва аёллар ҳуқуқлари борасидаги саволларга жавоб берган.

У НАТОни ўн йилдан ошиқ давр давомида Афғонистонга тинчликни олиб кела олмаганини айтиб қоралаган.

Қуйида суҳбатнинг бир қисми билан танишишингиз мумкин.

Би-би-си: Афғонистон охирги 12 йил ичида кўп тараққий топганига шубҳа йўқ. Шунга қарамай, нима учун Президент Обама сизни "ишониб бўлмайдиган шерик" деб тасвирлайди?

Карзай: Чунки биз уларга эргашишимизни истаган пайтлари, биз уларга эргашмаймиз. Улар оддий одамлар ўлдирилганда, биз овоз чиқармай ўтиришимизни исташади. Лекин, биз бундай қилмаймиз ва қила олмаймиз.

Би-би-си: Президент Обаманинг энг асосий стратегияси - Афғонистондан чиқиб кетиш. Шу ҳисобга олинса, сизнинг Президент Буш билан бўлган муносабатингиз Обама билан бўлган муносабатингиздан яхшироқ бўлган деб айтиб бўладими?

Карзай: Президент Буш билан алоқаларим жуда яхши бўлган. Илк йилларда иккимизнинг фикрларимизда кўп фарқлар йўқ эди. Алоқалар 2005 йилда ёмонлашишни бошлади. Унда биз оддий халқ орасидаги илк талофатларга гувоҳ бўлдик, террорга қарши кураш нотўғри ҳудудда олиб борилаётганини кўрдик, террор Афғонистондан ташқаридаги истеҳкомларда, машғулот майдонларида олиб борилган. Америка қўшинлари эса афғон қишлоқларида амалиётлар олиб бориб, афғон халқига шикаст етказаётганди.

Би-би-си: Сиз шахсан Толибон билан мулоқот қилаяпсизми?

Карзай: Ҳа, қилаяпмиз. Биз Афғонистонга тинчликни олиб келадиган турли йўналишларга эга тизимни йўлга қўйганмиз.

Би-би-си: Мақсад Толибонни ўз ичига оладиган ҳукуматни барпо қилишми?

Карзай: Албатта. Улар афғонлар. Агар афғон президенти, афғон ҳукумати Толибон аъзосини ҳукумат лавозимига тайинлай олиш имконига эга бўлса, бундай имкониятдан фойдаланамиз. Агар афғон халқи сайловлар орқали Толибонни ҳукумат вазифасига тайинлай олса, Толибон келиб сайловларда иштирок этиши керак. Аниқроқ айтсам, улар ҳам афғон эканлар, афғон ҳукуматига қўшилишларига эшиклар очиқ.

Би-би-си: Ҳелманддаги мағлубиятларни қандай баҳолайсиз?

Карзай: Хавфсизлик масаласида, НАТОнинг амалиётлари Афғонистонга кўплаб жабру жафо олиб келди. Жуда кўп талофатларга сабаб бўлди. Бу билан ҳеч нимага эришилмади, чунки Афғонистон ҳали ҳам хавфсиз эмас. Қисман хавфсиз деган ибора менга ёқмайди, чунки бу биз истаган хавфсизлик эмас. Биз мутлақ хавфсизлик бўлишини ва террорга қарши аниқ қоидалари бор курашни истаймиз.

Би-би-си: Баъзилар сизнинг президент лавозимидаги йилларингиз коррупция айбловлари билан булғанган деб ишонадилар. Афғонистон жаҳонда порахўрликка энг чуқур ботган мамлакатлар ичида учинчи ўринда туради. Сиз ана шундай манзарани ўзингиздан меърос қолдиришни истайсизми?

Карзай: Йўқ, албатта. Ҳукуматимиз бошқаларига солиштирганда, ожиз ва самарасиз. Биз ҳали энди иш бошлаганмиз. Лекин катта коррупция, яъни юз миллионлаб долларни ўз ичига олган коррупцияни афғонлар содир этмаган. Буни ҳозир ҳамма билади. Уни хорижликлар амалга оширган, улар кўр-кўрона равишда кимнингидир садоқатини сотиб олиш учун пул сочганлар ва шартномалар тузганлар, афғонлар рози бўлмайдиган сиёсатга рози қилиш учун ҳукумат расмийларига пул сочилган. Коррупциянинг катта қисми ана шу бўлган.