Аксил-Ислом гуруҳи раҳбари мусулмонлар билан тил бириктирдими?

Image caption Одатда Англия Мудофаа Лигаси намойишлари зўравонлик ва тартибсизликлар билан ўтади

Радикал Исломга қарши намойишлари билан танилган миллатчи гуруҳ - Англия Мудофаа Лигаси раҳбари ва асосчиси Томми Робинсон "ўта ўнг қанот экстремизм хавфи"дан ҳавотирга тушганини айтиб, гуруҳни тарк этди.

Британия бўйлаб анъанадор мусулмонларга қарши чиқишлар қилиб келган гуруҳни бошқарган жаноб Робинсон "Исломий мафкура"га қарши "зўравонлик эмас, балки яхшироқ, демократик ғоялар билан" курашиш ниятида эканини айтди.

Робинсон билан бирга гуруҳнинг яна қатор юқори даражали раҳбарлари истеъфо берганлар, бироқ гуруҳ воизи бу билан ҳаракат барбод бўлмаслигини айтди.

Робинсон ва сафдошлари Англия Мудофаа Лигасидан кетишларидан аввал ўзини "аксил-экстремизм тадқиқот маркази" дея тасвирлайдиган Куилям (Quilliam) гуруҳи билан музокаралар ўтказганлар.

Куилямнинг раиси Мажид Навоз исмли мусулмон бўлгани туфайли, Британиядаги баъзи матбуот воситалари Робинсон миллатчи гуруҳни тарк этиб, мусулмонлар сафига қўшилди, дея талқин қилишмоқда.

Image caption Томми Робинсон ўз ҳаётига таҳдидлар бўлганини айтди

Жаноб Навоз Робинсоннинг Англия Мудофаа Лигасини тарк этишини ўз ташкилотининг ютуғи дея баҳолади ва экстремизга қарши курашни давом эттиришини айтди.

Бироқ, ёш мусулмонлар билан иш олиб борувчи Рамазон Жамғармасининг раҳбари Муҳаммад Шафиқ Робинсоннинг нияти оқлигига шубҳа билдирди.

"Мен у билан ўтган ҳафта учрашдим. У ўзининг Ислом ва мусулмонларга қилган илгариги жирканч ҳужумларини рад этмади," - деди у.

Жаноб Робинсон Би-би-сига гапира туриб, мусулмонларга қарши эмас, Исломий мафкурага қарши инқилобга етакчилик қилишни исташини айтди.

У, шунингдек, мусулмонларга қарши уюштирилган ҳужумларни қоралади.

"Бир аҳмоқ майкасига масжид расмини чизиб, масжиднинг устига "Бум" (портлаш овози) деб ёзилган суратни кўз-кўз қилса, ҳамма газеталарга бу босилиб чиқади, ва гап менга тегади. Болаларимни мактабдан олиб келаётганимда бошқа ота-оналар менга нафрат билан қарайдилар," - деди у.