Исроил билан Ғазо ўртасида узун ерости йўли топилган

Image caption Исроил расмийларига кўра, ерости йўли қурилиши деярли тугай деб қолган.

Исроил ҳарбийлари хабар қилишича, Ғазо бўлгаси ва Исроил орасида 1 километр 700 метрли ерости йўлини топиб, йўқ қилганлар.

Хабар қилинишича, ер сатҳидан 15-18 метр чуқурликда қазилган туннел Ғазо бўлгасидаги Хон Юнус шаҳрига яқин Абсан қишлоғидан Исроилнинг Эйн Хашлоша деб номланадиган кибуц ёки мавзеси томонга йўналган.

Исроил расмийларига кўра, бу ерости йўлини қазишга камида бир ой сарфланган.

Ғазо бўлгасидан бошланган ерости йўли Эйн Хашлошага деярли етиб қолган бўлган.

Исроилни Ғазодан ажратиб турадиган чегара ҳудудлари қаттиқ қўриқланади.

Шунга қарамасдан, Эйн Хашлоша яшовчилари ўзларига эшитилаётган ғалати овоздан шикоят қилганлар.

Шундан кейин текшириш бошланиб туннел топилган.

Исроил расмийларига кўра, бу ерости йўлини қуришга 500 тоннача цемент ва бошқа мустаҳкам қилувчи материаллар ишлатилган.

Исроил расмийлари айтишларича, бу туннелдан кўзланган мақсад, Исроилнинг тинч фуқароларига ҳужум бўлиши мумкин.

Туннел ичида портловчи моддалар ҳам топилгани хабар қилинган.

Ғазодан Исроил ҳудудига элтадиган ерости йўллари илгари ҳам топилган.

2006 йил фаластинлик исёнчилар Исроил аскари Гилад Шалитни ана шундай йўлдан ўтиб ўғирлаганлар.

Уни беш йил асирликда сақлашган, сўнгра фаластинлик маҳбусларга алмашганлар.

2007 йилда Ғазо бўлгасида Ҳамас гуруҳи сайловларда ғалабага эришганидан кейин Исроил ва Миср расмийлари бўлгани қамалга олганлар.

Исроил ҳарбий-денгиз флоти денгиз тарафидан Ғазога кемаларда ўтишга рухсат бермайди, шунинг учун озиқ-овқат ва бошқа кундалик ҳаётда зарур кўп товарлар кўпинча Мисрдан Ғазога ана шундай ноқонуний ерости йўллари орқали ўтказилади.

Яқинда Миср расмийлари контрабандачиларнинг йўлини тўсиш мақсадида туннелар тармоғини вайрон этишга ҳаракат қилди.

2010 йилги урушдан кейин Исроил Ғазони янада қаттиқроқ қамалга олган, бу қамални босқичма-босқич юмшатишга ҳаракат қилинаяпти.

Исроил инсон ҳақлари гуруҳига кўра, 13 октябр куни Ғазога мўлжалланган 70 та юк автомобилига ортилган қурилиш моллари ва 60 машина инсонпарварлик юкларини ўтказиш режаланган.

Миср ва Исроил 2007 йил ҲАМАС ҳокимиятга келгач тўсиқ қўйишган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ