Россия: Бирюлеводаги тартибсизликлардан сўнг мингдан ортиқ муҳожир ушланди

Москва жанубида жойлашган Бирюлево мавзесида миллатчилик руҳидаги оммавий тартибсизликлaрдан бир кун ўтиб полиция 1200дан ортиқ меҳнат муҳожирини қўлга олган.

Муҳожирларни тартибсизликлар рўй берган мева-сабзавот базасида ушлашган.

Расмийларга кўра, рейд мобайнида базадан шунингдек, пул ва қурол-яроғ ортилган машина топилган.

Полиция ходимларидан бирининг Би-би-сига билдиришича, муҳожирларни 15 автобусга 40 кишидан жойлаб олиб кетишган.

Россия матбуоти фақатгина бир неча киши қўлга олинганлигини хабар қилмоқда.

Полиция матбуот хизматининг билдиришича, муҳожирларни шу яқин атрофдаги бўлинмаларга олиб боориб, тегишли текширувларни ўтказгангандан сўнг уларга нисбатан қандай чора кўрилиши ҳақида қарор берилади.

Бирюлеводаги тартибсизликлар ўтган пайшанба куни 25 яшар Егор Шчербаковнинг рус бўлмаган бир кимса тарафидан ўлдирилиши кетидан юзага келган.

13 октябр кунги намойишга чиққан юзлаб кишилар 25 ёшли Егор Шчербаковнинг қотилини тутишни талаб қилдилар.

Шчербаковни пайшанбага ўтар кечаси қизининг кўз ўнгида пичоқлаб ўлдиришганди. Қизнинг айтишича, ҳужумчи Қофқозлик ёда Марказий Осиёлик бўлган.

Ҳудди шу куни Бирюлеволиклар полиция вакиллари билан учрашиб, қотилни тутишда ўз ёрдамларини ҳам таклиф қилишган. Бу учрашувдан кейин халқ йиғинини ўтказишга келишиб олинган.

Лекин халқ йиғини тез орада тартибсизликларга айланди.

Бир гуруҳ ёшлар савдо маркази деразаларини синдириб, ичкарига бостириб киришга ҳаракат қилдилар.

Кейин оломон муҳожирлар ишлайдиган мева-сабзавот базасига томон силжиди. ЙЎл -йўлакай тарвуз сотувчи пештахаларни вайрон қилишган. Бу вақтга келиб, ҳодиса ерига полиция махсус кучлари етиб келишди. Полициянинг оломонни тарқатиш ҳакратларига қаршилик қилганлар уларга шиша ва ахлат қутиларини ирғитдилар.

Кечга томон ижтимоиий тармоқларда соат 9.30да яна бир халқ йиғини ўтказилиши ҳақида маълумотлар чиқа юошлади. Савдо маркази ўнгида яна оломон йиғилди.

Улар"Россия -руслар учун, Москва москваликлар учун" дея шиорларни айта бошладилар.

Полиция бу ерга автобус ва микроавтобусларни олиб келиб, чиқиш қатнашчиларидан энг ашаддийларини қўлга ола бошлаган. Қаршилик кўрсатганларни, калткалаб олиб кетишган.

Ушбу ҳодисалар бутун Россия бўйлаб руслар ва собиқ Иттифоқ республикаларидан бўлган, шунингдек Шимолий Қафқозлик меҳнат мухожирлари ўртасида танглик кузатилаётган бир вақтда рўй бермоқда.

Россия бўйлаб охирги йилларда ирқий қотилликлар сони камайган бўлса ҳам, ҳамон ўнлаб муҳожирлар улар тарафидан калтакланади, таланади ва охирги ойларда ноқонуний рейдлар қурбонига айланишмоқда.

Бирюлеводаги ҳодисалар Россияда зўравон миллатчилик қанчалик кучаётганини яна бир бор исботлайди.

Ирқчиликка асосланган зўравонликлар илдизи каерда?

Ferghana.ru ахборот агентлиги муҳаррири Даниил Кисловнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, зўравонлик негизлари доимо жамиятнинг паст тафаккур даражаси ва ҳукумат инқирозида ётади.

Даниил Кислов: Кеча юз берган ҳодисаларни иккига бўлиш керак афтидан: биринчиси, бебошликка азм қилган ёш йигитлар содир этган талон тарожлар ва иккинчиси, этник характердаги жиноятларнинг ортиб бораётганига қарши чиққан Бирюлево аҳолисининг тинч эътироз намойишларидир. Аммо, бундай вазиятнинг юзага келишига асосий сабаб бу - ҳукуматнинг узоқ пайтлардан буён миллатларо тотувликни ўрнатиш, мавжуд миллатлараро муаммоларни ечиш учун ҳеч нарса қилмаётганидир. Инсонларга эса барча айбни ҳукуматга эмас, бошқа миллатларга тўнкаш жуда осон. Россияда ҳокимият ҳануз дахлсиз қолмоқда, аммо ранги ва кўзининг шакли бошқача бўлган инсонлар эса душман тимсолига айланмоқда. Мен 25 ёшли йигит ўлими ортидан одамларнинг Москва марказига тўпланиб, бошқа миллатларга қарши эмас, балки ҳукумат амалларига қарши намойиш ўтказишларини жуда истардим.

Би-би-си: Даниил, сизнингча ҳокимиятда бўлганларнинг баъзилари аҳоли эътиборини ижтимоий-иқтисодий қийинчликлардан чалғитиб, миллатчилликка қаратмаяптимикан?

Даниил Кислов: Биласизми, менинг назаримда бундай эмас. Чунки, аввало, Россияда ҳозир жиддий иқтисодий-ижтимой муаммолар йўқ. Маошлар тўланаяпти, дўконлар ишлаяпти, одамлар нефтни жуда қиммат нархга сотаётган ҳукуматдан қандайдир ёрдамларни олаяпти. Кеча ОМОНчиларнинг тартибсизликларни қаттиққўллик билан бостирганига қараб, мен ҳокимият бир қўли билан ўт қўйиб, иккинчи қўли билан уни ўчиришга ҳаракат қилаяпти деб ўйламайман. Гап шундаки, ҳокимият жамиятда юз бераётган оғриқли, муаммоли жараёнларга эътибор қаратмаётир. Бундай можароларни бартараф этиш учун ҳеч нима қилмаяпти. Лекин, можаро кучайса, улар лаб-лунжларини шишириб, "мана биз энди тартибни ўрнатамиз", демоқда. Бу эса унчалик табиий кўринмаяпти назаримда. Бироқ, ҳокимият ичида миллатчиликни кучайтиришдан ўзига обрў орттиришга интилаётганлар, албаттаки, бор. Қандайдир гуруҳлар ва шахслар бўлғуси муаммолардан аҳолини чалғитаётган бўлиши ҳам мумкин.

Би-би-си: Бу кетишда вазият издан чиқиб, Россияда катта қон тўкилишлар юз бериши мумкин деб ўйламайсизми?

Даниил Кислов: Биласизми, мен вазият назоратдан чиқмайди, деб деярли ишонган эдим. Чунки, зўравонликлар фуқароларнинг алоҳида гуруҳлари томонидан содир этилади. Кеча, мисол учун, дўконлар деразаларини синдирган ва маҳаллий савдо марказини талон-тарож қилганлар, ҳаттоки ерлик аҳоли ҳам эмасди. Ёшлари 15-18 ларда бўлган ёшлар Москва атрофидан келган футбол мухлислари эди. Оддий аҳоли бундай ишларга қўл урмайди. Ҳокимият ҳам бундай бош-бошдоқликларни бостиришга қодир, деб ўйлайман.