Афғонистон: Лўгар масжидида юз берган портлашда вилоят ҳокими ҳалок бўлди

Image caption Арсала Жамол ҳужум содир этилган пайти масжидга келган одамларни қаршилаётган бўлган

Афғонистоннинг Лўгар вилояти ҳокими Ийд ал-Адҳа намози пайти масжидда юз берган портлаш туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Стол тагига яширилган бомба ишга солинган маҳал Арсала Жамол намозга келаётганларни кутиб олаётган бўлган.

Камида 15 инсон тан жароҳати олган, улардан бир неча нафари аҳволи оғир экани айтилади, дейди жаноб Жамолнинг сўзчиси.

Лўгар пойтахт Кобулдан жанубда жойлашган ва Толибон ушбу вилоятнинг кўплаб қишқлоқ ҳудудларида ўз назоратини ўрнатган.

Ҳужум Лўгар маркази Пули Аламнинг асосий жомеъ масжидида юз берган, дейди вилоят ҳокимининг сўзчиси Дин Муҳаммад Дарвеш.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирга қадар ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

Қонунсизлик

Жаноб Арсала Жамол вилоят ҳокими этиб апрел ойида Афғонистонга Канададан қайтиши ортидан тайинланган эди.

Аввал у бошқа бир вилоят - Хўст ҳокими бўлиб ишлаган.

Вилоят ҳокими этиб тайинлангунга қадар турли хорижий нодавлат ширкатларида ишлаган Арсала Жамол қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш бўйича мутахассис эди.

Ҳужум Покистондаги Толибон қўмондони Латиф Маҳсуднинг АҚШ кучлари томонидан ҳибсга олинишидан бир кун ўтиб юз бермоқда.

Унинг Покистондаги Толибон раҳбари Ҳакимулло Маҳсуднинг муовини экани айтилади.

Лўгар ва унга қўшни бўлган Вардак вилоятларида сўнгги йилларда қонунсизлик кучайиб бормоқда, дейди Кобулдаги Би-би-си мухбири Девид Лойн.

Унга кўра, ушбу вилоятлардаги нотинчлик сабаб кўплаб аҳоли пойтахт Кобулга кўчиб ўтган.