Бирюлеводаги қотилликда озарбайжонлик шахс айбланмоқда

Қотиллик саҳнаси
Image caption Егор Шчербаковнинг ўлдирилиши оммавий тартибсизликка етаклаганди

Москва полициясига кўра, Бирюлево туманида 25 ёшли Егор Шчербаковнинг ўлдиришга масъул кўрилган шахс кимлигини аниқлашга муваффақ бўлинган.

"Бу 1982 йил туғилган озарбайжонлик Ўрхан Зейналов Зохид ўғли", - дея маълум қилган пойтахт милиция хизмати матбуот хизмати.

Одамларга у билан юзлашишда эҳтиёт бўлиш ва у билан мулоқот қилмаслик маслаҳат берилган.

Айтилишича, асли Озарбайжондан бўлган ушбу шахс Москвада 10 йилдан ортиқроқ вақтдан бери яшаб келган.

Қотиллик Бирюлево кўчаларида миллатчилик руҳидаги оммавий тартибсизликларга етаклаганди.

Норозилик чиқиши иштирокчилари бу ишга масъул қофқозлик меҳнат муҳожири эканига ишонч билдиришганди.

Якшанба куни ғазабнок оламон савдо марказини ағдар-тўнтар қилган, сабзавотлар сақланадиган омборхонага бостириб кириб, меҳнат муҳожирларини излаган. Улар "Россия руслар учун" деган шиорларни айтиб қичқиришган.

Улар нафақат меҳнат муҳожирлари, маҳаллий расмийларга ҳам ғазаб изҳор қилишган. Мулозимлар коррупцияга ботганлик ва ноқонуний муҳожирларнинг Москвага юришларига изн берганликда айбланган.

Image caption Сабзавот бозорига рейд...

Тартибсизликларни бостириш пайти норози одамлар полиция билан ҳам тўқнашишган.

Зўравонликларда 5 полиция ходими яраланганди.

Бир кун ўтиб, Москва полицияси Бирюлеводаги сабзавот бозорига рейд ўтказган, 400га яқин одамни ҳибс қилганди.

Рейд ноқонуний муҳожирликка қарши саъй-ҳаракатлар сифатида изоҳланган. Полиция сабзавот бозоридан яна 1200 нафар муҳожирни ушлаб кетган.

"Масалага жиддий қаралаётганини кўрсатиш учун душанба куни Москва полицияси 1600дан ортиқ меҳнат муҳожирини ҳибс қилди. Россия телевидениеси қўлга олинганларни қаторга тизиб, қўллари орқага қилинган ҳолатда намойиш этди", дея хабар қилади Би-би-си мухбири.

Ҳозир Бирюлеводаги бозор ёпиқ қолмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ