Италияда нацист-жиноятчини дафн қилишга изн бермадилар

Италияда нацист-жиноятчи, деб топилган Эрих Прибкени оломон дафн қилинишига қаршилик кўрсатганидан сўнг жасади Рим қўналғасига олиб келинди.

Сешанба 15 октябр куни, унинг тобутини олиб кетаётган карвонни норози оломон қуршаб олганди.

Италия матбуотининг хабар беришича, эндиликда унинг жасади ўзи туғилган Олмонияга юборилиши мумкин.

Италия расмийлари бу борада Олмония билан музокаралар олиб борилаётганини тасдиқладилар.

Сешанба куни 500 га яқин киши Албано Лациале шаҳрида дафн маросими йўлини тўсиб, черковга киришига тўсқинлик қилганди.

Икки ўртада тўқнашув юз берган.

Нацистларнинг СС хизмати зобити бўлган Эрих Прибке 1997 йили Иккинчи Жаҳон Уруши даврида Римда 300 кишининг ўлимига алоқадорликда айбдор, дея топилганди.

Прибке ўтган ҳафтада уй қамоғида бўлган вақти 100 ёшда оламдан ўтган. У ҳеч қачон уруш давридаги амалларидан афсусда эканлигини айтмаган.

Унинг ўлимидан сўнг нима қилиш кераклиги ҳақида баҳслар қизиб кетди.

Ватикан католик черковларида унинг учун дафн маросими ўтказишни тақиқлади.

Лекин католик черковидан ажраб чиққан ва ўзининг ашаддий ўнг қанот ва ирқчи қарашлари билан танилган авлиё Пий Х гуруҳи дафн маросимини ўтказиб беришга рози бўлган.

Прибкени дафн қилишга у айбдор, дея топрилган Италия, у туғилган Олмония ва экстрадиция қилингунига қадар яшаган Аргентина ҳам рози бўлмаганлар.

Маҳкама қарорида айтилишича, Прибке 1944 йили Римдаги Адреатин ғорларида 300 га яқин италияликларни қатл қилишда иштирок этган.

Уруш тугаганидан сўнг у қалбаки ҳужжатлар асосида Аргентинага қочиб кетган.

1995 йили уни нацистлар жиноятларига алоқадорлик айбловлари асосида Италияга экстардиция қилишганди.

Икки йил ўтиб уни маҳкама умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Лекин унинг ёши ва соғлиғи назарда тутилиб, уй қамоғида ушлашга рози бўлинган.