АҚШ ҳукумати қайта иш бошлаш йўлида келишувга эришилди

Image caption Обама аввалроқ республикачиларни миллатни гаровда ушлашда айблаган

АҚШ Президенти Барак Обама ҳукумат идораларини молиялашни қайта бошлаш ва давлат қарзлари лимитини оширишни кўзда тутадиган ҳужжатга имзо чеккан.

Унинг имзо чекишидан бир соат аввал ҳужжатни Сенат, сўнгра Вакиллар палатаси тасдиқлаган.

Аввалроқ демократлар ва республикачилар фракциялари орасида эришилган келишувни Қуйи палата, кўпчилик республикачилар овоз беришдан бош тортишларига қарамай, 285-144 овоз билан тасдиқлаган.

Сал аввалроқ мазкур қонун лойиҳасини Сенат тасдиқлаган. Унга 18 сенатор қарши чиққан бўлса, 81 нафари қўллаб-қувватлаган.

Қонун лойиҳаси имзоланган вақтда 16,7 триллион долларга тенг давлат қарзлари лимитини кўтариш учун ажратилган муддат тугашига атиги бир неча соат қолганди.

Қабул қилинган келишув дефолтнинг олдини олади ва давлат муассасаларининг 2014 йил 15 январигача ишни қайта бошлашларига имкон беради.

Тасдиқланган қонун, шунингдек, узоқ муддатли бюджет келишувини ишлаб чиқариш учун икки палата аъзолари иштирокида махсус комиссия тузилишини кўзда тутади.

"Хатони қайтармаслик"

Юқори палата келишувни тасдиқлаши ортидан Барак Обама Оқ Уй Америка халқи йўқотган ишончни қайта тиклашдек катта вазифа қаршисида турганини айтди.

"Биз инқироз босими остида бошқарув қарорларини қабул қилишдек одатдан воз кечишимиз керак," - деди президент.

Сенатдаги демократик аксариятнинг раҳбари Гарри Рид: "Келинг, очиқча тан олайлик, бутун миллатимиз беҳуда шунча муаммони бошидан кечиришига тўғри келди, яна бундай хатони қайтара олмаймиз," - деди у.

Давлат қарзининг 16,699 триллион долларлик ҳажмдаги лимитига май ойида эришилганди. Ундан бери Молия вазирлиги қарзни тўлаш йўлида фавқулодда чораларни кўриб келаётганди. Бироқ бу чоралар 17 октябрдан кейин тўхтатилиши керак эди.

Кредит фоиз кўрсаткичларини тўла олмаслик, ёки қарзни қисман қайта тўлаш АҚШнинг дефолтга тушиш хавфи остига қўйган. Бу юз берса, ўз навбатида, бутун жаҳон иқтисоди инқирозга учраши мумкин.