'Кения савдо марказига ҳужумда Норвегия фуқароси қўли бор'

Image caption Ҳали ҳужумларнинг ўлим ёки тириклиги маълум эмас

Норвегия полицияси Кениядаги Westgate савдо марказига ҳужум бўйича гумондорнинг исмини ошкор қилган.

Би-би-си Нюснайт (BBC Newsnight) дастурига маълум бўлишича, ушбу шахс асли Сомалидан Норвегияга келиб фуқаролик олган Ҳасан Абди Зуҳуловдир.

23 ёшли Ҳасан Абди Зуҳулов ҳужумни режалаш ва амалга оширишга кўмаклашишда гумон қилинмоқда.

Би-би-си Нюснайт унинг Норвегиядаги қариндоши билан суҳбатлашган. Суҳбатдан аён бўлишича, Ҳасан Абди Зуҳулов 2009 йил Ларвик шаҳарчасидан Сомалига қайтиб кетган.

Найробида "Ал-Қоида"га алоқадор "Аш-Шабаб" исломий жангари гуруҳи амалга оширилган ҳужум 67 инсоннинг умрига зомин бўлган. Ҳодисалар 21 сентябр шанба куни бошланиб, тўрт кун давом этганди.

Ўтган ҳафта Норвегия Жосуслик хизмати Westgate савдо марказига ҳужумда ўз мамлакати фуқароси бош қўшгани борасидаги хабарларни текшириш учун Кенияга зобитларини йўллаган.

Ҳозиргача савдо марказида юз берган амалиётда қанча сондаги жангари иштирок этган номаълум қолмоқда.

Бошида полиция савдо мажмуаси ичкарисида 10-15 нафар ҳужумчи борлигини тахмин қилганди. Бироқ, кейинроқ Кения расмийлари савдо маркази ичкарисидаги видеокамераларда тушган тасвирларни ошкор қилган, уларда фақат 4 киши кўринади.

Кения ва Норвегиядаги манбаъларнинг Би-би-си Нюснайт дастурига айтишларича, Ҳасан Абди Зуҳулов ана шу тўрт одамдан бири эканига ишонилмоқда.

Ҳали ҳамон Westgate савдо маркази вайроналари остидан далиллар изланмоқда. Аммо, ҳали бирон бир жасаднинг шахсни аниқлангани йўқ ва ҳужумчилар ўлик ёки тириклиги ҳам қоронғу қолмоқда.

Ҳасан Абди Зуҳулов

Зуҳулов Сомалида туғилган. У оиласи билан 1999 йил Норвегияга қочоқ сифатида борган.

Номи сир қолишини истаган қариндошларидан бири Зуҳулов 2009 йил Сомалига қайтиб кетганини айтган.

Қариндошининг айтишича, Зуҳулов оиласига камдан-кам ҳолларда қўнғироқ қилган, охирги бор ёзда боғланиб, бошига иш тушгани ва уйга қайтмоқчилиги ҳақида айтган.

У савдо маркази ичкарисидаги видеокамерага тушган ёзувларга қараб: "Нима ўйлашни, ўзимни қандай ҳис қилишни билмайман... агар шу у бўлса, унинг миясини айнитишган", дейди.

Нюснайт учун тайёрлаган хабарида Габриэл Гейтҳоуз Ослодан 120 чақирим узоқда жойлашган Ларвик шаҳарчасига сафар қилган.

Шаҳарчада Ҳасан Абди Зуҳуловнинг оиласи яшаб келади.

Собиқ қўшнилардан бири Зуҳуловни бир неча йилдан бери кўрмаганини айтади.

"У ўта қизиққон эди, Норвегиядаги ҳаётни яхши кўрмасди... ташвиш орттирарди, урушарди, отаси доим ундан хавотирда эди", дейди Мортен Ҳенриксен исмли қўшни Зуҳуловнинг ўсмирлиги ҳақида гапираркан.

Шунингдек, у видеотасвирдаги ҳужумчилар ичидан қора уст-бош кийгани Зуҳулов бўлиши мумкинлигини айтади.

'Икки маданият ўртасида'

Норвегиядаги Хавфсизлик ва сиёсий Ислом бўйича марказ мутахассиси Стиг Ҳансеннинг Нюснайтга айтишича, у Норвегия фуқароси ҳужумга бош қўшгани ҳақида эшитиб ҳайрон бўлмаган.

Жаноб Ҳансенга кўра, ҳозиргача 20-30 норвегиялик "Аш-Шабаб" гуруҳига қўшилиш учун Сомалига кетгани маълум.

"Энг катта муаммо - "1.5 авлод" номини олган ўсмирлар. Улар Норвегияда туғилмаганлар, анчайин ёш пайтлари келиб қолишган. Ушбу ёшлар икки маданият ўртасида қолишган", дейди у.

"Аш-Шабабга Сомали ҳақида у қадар кўп билмайдиган одамлар керак. Бу ҳол гуруҳ манфаатига хизмат қилади. Айни шу ҳолат "Аш-Шабаб" кун тартибига халқаро тус беради. Шу билан бирга, улар бу ёшларни хатарли одамларга айлантиришлари мумкин".

"Аш-Шабаб"нинг кениялик раҳбарларидан бири ҳам Норвегияда маълум муддат бўлгани ҳақида хабарлар чиққанди. Америка махсус кучлари Сомалида уни тутиш учун рейд ўтказган, аммо бунга муваффақ бўлишмаган.

Норвегия телеканали хабарига кўра, Абдуқодир Муҳаммад Абдуқодир 2004 йил Норвегияга келиб бошпана сўраган, бироқ 2008 йил бу борада қарор берилишидан олдин яна мамлакатни тарк этган.

Норвегия расмийлари эса, мазкур хабарларга изоҳ беришмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ