Британия: Экстремистларни қоралаган мусулмонлар хавотирдалар

Image caption Видеода Британ аскари Ли Ригбининг ўлдирилгани мақталган.

Экстремизмни қоралаб гапирган британиялик мусулмонларнинг айтишича, улар Сомалидаги "Аш-Шабаб" қуролли гуруҳининг аъзолари томонидан нишонга олинишлари мумкинлигидан огоҳлантирилганлар.

Британ мусулмон шарҳловчиси Муҳаммад Ансорнинг айтишича, "ишонарли таҳдид" мавжудлиги сабабидан полиция уни ўз муҳофазасига олган.

Бундан олдин "Аш-Шабаб" жангарилари Интернетда видео эълон қилишган.

Бу видеода жиҳодчиларни танқид қилган мусулмонларнинг исми-шарифи тилга олинган.

Скотланд-Ярд Интернетда эълон қилинган видео юзасидан тергов бошлаганини маълум қилган.

Узунлиги бир соатни ташкил қилган видеонинг номини "Вулич ҳужуми: қонга қон" деб таржима қилиш мумкин.

Видеода номаълум шахс гапирган, унинг лаҳжасидан Британияда туғилиб катта бўлганини тушуниш мумкин.

У шу йилнинг 22 май куни Лондон жануби-шарқидаги Вулич деган жойда Британия аскари Ли Ригбининг ўлдирилганини мақтаган.

Шунингдек, ушбу видеода Муҳаммад Ансор ва бошқа мусулмонларнинг ушбу ҳужумларни қоралагани видеотасвирлари ҳам ўрин олган.

Жаноб Ансорнинг айтишича, унинг уйига полиция ходимлари келишган ва шу ҳафтадан полиция муҳофазасига олинган.

Интернетдаги видеода имом ва телевизион кўрсатувларни олиб борувчи Ажмал Масрурнинг номи тилга олинган.

Жаноб Масрур ҳам тунлардан бирида уйига полиция ходимлари келишгани ва ўзига қарши ҳужум хавфи борлигини маълум қилишган.

Бироқ Би-би-си билан суҳбатда Ажмал Масрурбу таҳдид ўзининг овозини ўчира олмаслигини, бундан кейин ҳам терроризм ва экстремизмни қоралашда давом этаверишини айтган.

Скотланд-Ярд бир неча шахсга нисбатан муҳофаза чоралари кўрилгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади ва айни пайтда видеонинг мазмуни ўрганилаётганини билдирди.

Шу йил 21 сентябр куни Сомалида ташкил топган "Аш-Шабаб" исломий гуруҳи жангарилари Кения пойтахти Найроби шаҳридаги Westgate савдо марказига ҳужум қилгани оқибатида камида 67 инсон ҳалок бўлди.

"Аш-Шабаб" гуруҳи ўзининг мақсади Сомалида исломий давлат барпо этиш эканини айтади.

Гуруҳнинг 7000 дан 9000 гача жангариси бор деб кўрилади.

Гуруҳ АҚШ ва Британияда террорчи ташкилот деб кўрилиб тақиқланган.

Бу мавзуда батафсилроқ