Илҳом Алиев учинчи марта Озарбайжоннинг президенти бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сайлов қўмитаси маълумотларига кўра, жаноб Алиев 84,54 фоиз овоз тўплаб, учинчи бор Озарбайжон президенти бўлди.

Озарбайжон Конституцион маҳкамаси мажлиси мамлакатдаги президентлик сайловлари натижасини тасдиқлади.

Озарбайжоннинг амалдаги давлат раҳбари Илҳом Алиев расман мамлакатнинг янги сайланган президенти деб эълон қилинди.

Сайлов қўмитаси маълумотларига кўра, жаноб Алиев 84,54 фоиз овоз тўплаган.

Сайлов натижаларини Конституцион маҳкамада кўриб чиқиш Озарбайжонда мажбурий жараён ҳисобланади.

Сайлов ўтказилганидан икки ҳафта ўтиб маҳкама пленуми сайлов натижаларини тасдиқлаши керак.

Айни пайтда ОБСЕ Озарбайжондаги президентлик сайловларини танқид қилган.

300 га яқин кузатувчилар келтиришича, 58 фоиз сайлов масканларида қонунбузарликлар кузатилган.

Шу билан бирга халқаро кузатувчилар сайловолди кампанияси сўз эркинлиги ва йиғилишлар чегараланган шароитда ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари фуқароларга тинч намойишлар ўтказишга изн бермаган ҳолатда ўтганини айтишган.