Лондон ирқчилари Youtube “юлдуз”ларига айланишмоқда

Image caption Лондон метросида бошқа йўловчиларни ирқий ҳақорат қилган оқ танли шахс ҳибсга олинган

Британия Транспорт полицияси бир киши жамоатчилик тартибини ирқий ҳақоратлар билан бузиш айби билан ҳибсга олинганини тасдиқлади.

“Биз эркак йўловчи метронинг Бейкерлу линиясидаги поездда ирқчи сўзларни ишлатгани тушириб олинган YouTube видеосини олганимиздан кейин жиноий тергов очдик,” – деди полиция воизи.

Беш дақиқадан ортиқ давом этган клипда гавдали эркак йўловчи япон аёлни ҳақорат қилгани намоён бўлади.

У ўзининг икки амакиваччаси Иккинчи Жаҳон Урушида японлар томонидан ўлдирилганини айтиб, аёлни “қотил” деб атайди.

У сўнгра уни яширинча видеога олаётган йигитни сўка бошлайди, ҳамда Фолкланд ороллари уриши ва Шимолий Ирландиядаги можароларда ҳарбий хизмат қилганини рўкач қилиб, уни бир мушт билан ётқизишини айтади.

Айбланувчининг исми-шарифи ошкор этилмаган. У гаров асосида озод этилиб, 30 октябрда ўзини полицияга топшириши буюрилган.

Айбдор топилса, у қамоқ жазосига юз тутиши мумкин.

Бу Лондон метросида ёзиб олинган илк ирқий чиқиш эмас.

Апрелда шарқий Лондон яшовчиси Жаклин Вудхаус атрофида ўтирган барча йўловчиларнинг ирқий келиб чиқишларини ҳақорат қилгани ёзиб олинган видео омма орасида кенг тарқалиб кетганди.

Видеода 42 ёшли Вудхаус хоним ўзини беҳосдан туртиб юборган қора танли аёлни ҳақорат қилади.

У сўнгра атрофидаги афтидан осиёлик йўловчиларнинг барчаси ноқонуний равишда Британияда яшаётганларини даъво қилади.

Бу ҳам Жаклин Вудхауснинг биринчи “ирқчи нутқ”и эмас. У аввалроқ бошқа поёздда қора танли йўловчиларга “Конгога қайтиб кет” деб айтгани учун маҳкама томонидан айбдор топилганди.

У ўз ғазабнок муносабатига ичимлик сабаб бўлганини айтиб, қилмишидан афсусда эканини билдирган.

Бу мавзуда батафсилроқ