Фейсбук қатл видеоларини ижтимоий тармоққа қўйишга яна рухсат берди

Фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларга ўз саҳифаларига инсонларни қатл этиш саҳналари тасвирланган видеолавҳаларни жойлаштиришга яна изн берган.

Тармоқ раҳбарияти кўплаб шикоятлар ортидан май ойида бундай лавҳаларни нашр этишни вақтинчалик тақиқлаб қўйган эди.

Энди эса, тармоқнинг хулоса қилишича, инсонлар қатл этиш саҳналари тасвирланган видеоклипларни эркин томоша ва муҳокама қилиш имконига эга бўлишлари керак.

Бироқ, Facebook раҳбариятига кўра, тармоқдан фойдаланувчилар бундай ҳодисаларни маъқулламасликлари ёки олқишламасликлари лозим.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи баъзи ташкилотлар тармоқ олган қарорни танқид қилган бўлсалар, бошқаларари дастаклаб чиққанлар.

"Бундай очиқ лавҳаларнинг инсонларга таъсири бир неча сония давом этади, бироқ бу энг аввало ёшлар онгида ўчмас из қолдиради ", – дейди собиқ психолог Артур Кассиди.

"Лавҳа қанчалар очиқ ва рангли бўлса, унинг бузғунчи кучи шунчалар юқори бўлади ", – дея огоҳлантиради Кассиди.

Facebook тармоғига ёши 13 дан юқори бўлган шахслар аъзо бўлишлари мумкин.

Инсонлар боши танасидан жудоа этилиши тасвирланган видеоларни интернетга қўйиш, айниқса, Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Лотин Америкасида мавжуд жангари гуруҳлар орасида кенг тарқалган.

Янги тартиблар

Би-би-си Facebook сиёсатининг ўзгаргани ҳақида ўз ўқувчиларидан бири орқали хабардор бўлди.

Манбанинг айтишича, ширкат ниқобли эркак бир аёлнинг бошини танасидан жудо қилган видеотасвирни олиб ташлашдан бош тортган.

Видеонинг Мексикада тасвирга туширилгани тахмин қилинмоқда.

Ўтган ҳафта интеретга қўйилган видео лавҳага: "Чақириқ. Бу видеони ким томоша қила олади?" дея ном берилган.

"Бу видеони олиб ташланг, уни кўплаб бегуноҳ ёш инсонлар томоша қилиши мумкин!!!" – дея изоҳ қолдирган тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

"Бу жирканч ва даҳшатли видео дарҳол олиб ташланиши керак... Мен 23 ёшдаман, бир неча сония томоша қилган бўлсам-да, жуда таъсирландим ", – деб ёзган яна бир фойдаланувчи.

Би-би-си аниқлашича, Facebook ўз сиёсатини қайта кўриб чиқиб, бундан буён зўравонликлар акс этган видеоматериалларни жойлаштиришга ижозат беришга қарор қилган.

Аммо, тармоқ ушбу видеоларни жойлаштирган шахс бу амалларни қўллаб-қувватламаслигини шарт қилиб қўйган.

Facebook матбуот хизмати ўз сиёсатининг ўзгарганини ҳозирча изоҳлагани йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ