Саудия Арабистони: 'Ҳажни расмий рухсатсиз адо этганлар жазолансин'

Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги жорий йилги Ҳаж зиёратини ноқонуний адо этган мамлакат фуқаролари ва хорижийларга қарши қаттироқ чоралар кўришга чақирган.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, вазирлик минтақавий ҳокимиятларга хат йўллаб, расмий рухсатсиз ҳаж қилган 120 минг зиёратчини топиш ва жазолашни сўраган.

Қонунбузарлардан якшанба куни полиция идорасига келиш сўралган.

Ҳажни ноқонуний адо этган саудияликлар жаримага юз тутишлари, хорижликлар эса, депортация қилиниб, 10 йилгача мамлакатга киритилмасликлари мумкин.

Ҳаж маросимларини кузатган Би-би-си мухбирлари расмий рухсатсиз зиёратни адо этиш ҳоллари тез-тез учрашини айтишади.

Мухбирларимизга кўра, айрим ҳолларда узоқ юртлардан Умра зиёрати учун Саудия Арабистонига борганлар Ҳаж мавсумига қадар ўша ерда қолишади.

"Баъзилар катта маблағ сарфлаб, минг қийинчиликлар билан келишгани, энди бирйўла Ҳажни ҳам адо этиб қайтишни ният қилганларини айтишади. Айримлар савоб учун бериладиган текин ётоқхоналарда тунаб юришади, кимлардир таниш-билишлариникидан қўним топишади", дейди Ҳаж маросимини кузатган Би-би-си мухбири

Бу мавзуда батафсилроқ