Бангладеш фожеаси: Rana Plaza фабрикаси ишчилари ёрдамга муҳтож

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption 17 кун вайроналар остида қолиб кетган Решма Бегим "ҳозиргача қўрқинчли туш кўраман" дейди.

Бангладешдаги тикув фабрикаси ҳалокатидан олти ой ўтиб, 94 фоиз жабрланганларнинг 94 фоизи ҳали ҳам ёрдам пули кутмоқда, деб айтади Action Aid хайрия ташкилоти.

Action Aid ташкилотига кўра, кўпгина кишилар олган жиддий жароҳатлари туфайли ишга қайтишмаган.

Хайрия ташкилоти қурбонларнинг қариндошлари ва тирик қолганларнинг учдан икки қисми билан гаплашган.

Аниқ бўлишича, сўралганларнинг 94 фоизи фабрика хўжайинларидан ҳеч қандай ёрдам пули ёки ҳуқуқий ёда тиббий кўмак олишмаган экан.

Шунингдек, тирик қолган ишчиларнинг 92 фоизи ишга қайтишмаган, улардан 63 фоизи ногирон бўлиб қолгани ва танасида қаттиқ оғриқлардан азоб чекаётганини айтган.

Улар жиддий ёрдам ва қаровга муҳтож эканлиги маълум бўлган.

Action Aid маълумотларига кўра, Primark ширкати жабр кўрганлардан 3300 кишига 190 доллардан ёрдам пули тарқатган.

Ширкат вакилининг билдиришича, яна уч ой мобайнида жабрдийда фабрика ишчиларига ойлик тўлаб турилади.

Бироқ хайрия ташкилотининг билдиришича, фабрика ишчилари моддий қийинчиликка дуч келганлар. Уларнинг қарийб 90 фоизи ўзларининг жамғармалари бўлмаганини айтганлар.

Оврўпо Иттифоқи ва АҚШнинг Бангладешда заводлари бўлган ширкатлари фабрикаларда апрел ойидан бошлаб меҳнат шароитларини яхшилаш борасида масъулиятни ўз зиммаларига олганлар. Лекин ҳали меҳнат ташкилотлари билан бу борада келишувлар амалга оширилмаган.

Сешанба куни Бангладеш ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилоти билан фабрика ва завод биноларидаги хавфсизлик шароитини яхшилаш ва ёнғинларнинг олдини олишни муҳокама қилган.

Британия ва Ҳолландия ҳукуматлари уч йил давомида 24 миллион доллар молиявий кўмак беради.

Даккадан Би-би-си мухбири хабар қилишича, Халқаро Меҳнат ташкилоти фабрикалардаги иш шароитини яхшилашга қаратилган вазифаларни қўйган.

Бироқ тикув фабрикасида шу ой бошида келиб чиққан ёнғин ишчилар ҳали ҳам хавфли шароитларда ишлаётганидан дарак беради.

Бангладеш дунёда тайёр кийимларни экспорт қилиш бўйича Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради.

Охирги ҳисобларга кўра, Бангладешнинг бу йилги экспорт ҳажми 21,5 миллиард долларни ташкил қилади.