Хитой маҳкамаси сиёсатчига чиқарилган бир умрлик қамоқ жазосини ўз кучида қолдирди

Image caption Бо Силай Хитой сиёсатчилари орасида энг кўзга кўринган арбоблардан бири саналарди

Хитойнинг Шандун вилояти Олий маҳкамаси собиқ партия раҳбари Бо Силайнинг шикоят аризасини рад этиб, унга чиқарилган бир умрлик қамоқ жазосини ўз кучида қолдирди.

Бо Силай пора олиш, коррупция ва хизмат ваколатларини суистимол қилишда айбдор деб топилган эди.

Сентябрда Хитой шарқидаги Шандун вилояти Цзинан шаҳри маҳкамаси собиқ давлат арбобининг барча далилларини рад этди ва уни барча моддалар бўйича айбдор деб топди.

64 ёшли Бо Силайнинг маҳкамага тортилиши Хитойда охирги бир неча ўн йил ичида кузатилган энг йирик сиёсий жанжал ҳисобланади.

Ҳакам Бо Силайнинг Хитой миллий манфаатлари ва халқига етказган зарарини 3.2 миллион долларга тенг деб топган.

Аввалроқ қораловчилар қилмишига иқрор бўлмаган собиқ партия раҳбарининг ёнини босмасликни сўрашган эди.

Хитой жануби-ғарбидаги Чунцин шаҳри Коммунист партиясининг собиқ раиси ҳукм юзасидан шикоят аризаси ёзиш ҳуқуқини қўлга киритган эса-да, бироқ кузатувчилар унинг муваффақият қозонишига шубҳа билдиришганди.

Бо маҳкама жараёнида "хатолар қилган"ини тан олган, бироқ унга қўйилган айбловларни тан олмаганди.

Мухбирларга кўра, апелляция маҳкамаси жуда қисқа бўлган. Қарор Бо Силай маҳкама биносига келтирилишидан тахминан бир соат ўтиб эълон қилинган.

Қотиллик гирдоби

Бо Силай шаҳар полицияси бошлиғи сифатида АҚШ консуллигида бир кун ўтказиши ортидан жанжал марказида қолди. Фаразларга кўра, у АҚШдан сиёсий бошпана сўрашга уриниб кўрган.

Унинг хотини Гу Кайлай британиялик тадбиркор Нил Ҳейвудни ўлдиришни ташкиллаштиришда айбдор деб топилди ва ўтган йил августида ўлим жазосига ҳукм этилди.

Ҳукм ортидан Бо Силай Хитой Компартияси сафидан ўчирилди ва барча лавозимларидан бўшатилди.

Хитой сиёсий элитасига мансуб шахс устидан маҳкамани бутун мамлакат кузатиб борди.

Маҳкама залига хорижий журналистлар қўйилмади, бироқ маҳкама ўзининг хитой тилидаги блогида жараён борасида ҳисобот бериб борди.

Бо Силай иши беш кун давом этди.

Сиёсий амбициялар

Чунцин шаҳар Компартияси раҳбари экан Бо Силай қудратли, ақлли ва популист сиёсатчи сифатида ном қозонди.

У жиноятчиликка қарши кураши ва Хитойдаги эски коммунистик қадриятларни дастаклаши билан танилди.

Аммо Бо Силай сиёсий амбициялари унинг кўплаб душман орттиришига хизмат қилди.

Хитой сиёсий раҳбарлари уни зиддиятли сиёсий арбоб сифатида кўришарди.

Бо Силай Хитой Коммунист Партияси Сиёсий бюросининг доимий аъзоси бўлиши кутилаётганди.

Мазкур орган Хитой ҳаётида энг муҳим қарорларни олади.

Бо тарафдорлари унинг партия ичидаги сиёсий ўйинлар қурбонига айланганини айтишади.

Бу мавзуда батафсилроқ