'АҚШ Меркелнинг телефонини 2002 йилдан бошлаб эшитган'

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Der Spiegel" журналида чоп этилган хабарга кўра, Америка 2002 йилдан бери Олмония канцлери Ангела Меркелнинг қўл телефони устида жосуслик қилган.

Олмон нашрининг даъво қилишича, Миллий Хавфсизлик Агентлигига тегишли махфий ҳужжатдан кўрилишида Меркел хонимнинг телефон рақами 2002 йилдан у давлат раҳбари этиб сайланганидан бери рўйхатда бўлган.

Яна бир хабарда айтилишича, Обама жанобларига Олмония раҳбари устидан махфий кузатув дастури ҳақида 2010 йил билдирилган.

Айни пайтда Вашингтонда Миллий Хавфсизлик Хизматининг жосуслик дастурига қарши норозилик намойиш кечган.

Бир неча минг намойишчи Капитол Хиллга юриш қилиб, кузатув кўламини чегаралашни талаб қилган.

Айримлар собиқ жосус Эдвард Сноуденни дастакловчи шиорларни кўтариб олган.

Эдвард Сноуден Миллий Жосуслик Хизмати фаолияти ҳақида қатор маълумотларни ошкор қилганди.

'Шахсан Президент хабардор бўлган'

"Меркел хонимга тегишли қўл телефонини кузатиш қай мақсадда олиб борилгани қоронғу", дейди "Der Spiegel".

Масалан, канцлернинг телефон суҳбатлари ёзиб олинган бўлиши ёки унинг контактлари кузатилган бўлиши мумкин.

Келаётган ҳафта Олмония Вашингтонга ўз Жосуслик Хизмати юқори мартабали зобитларини жўнатмоқда. Улар Олмонияни ғазабга келтирган жосуслик айбловлари бўйича текширувни олдинга суришлари керак.

Меркел хоним чоршанба куни иддаолар қулоғига етиб келганидан сўнг АҚШ Президентига сим қоққан.

"Der Spiegel"га кўра, Президент Обама Олмония раҳбаридан узр сўраган ва Меркел хонимга телефон кузатувларидан бехабар бўлгани, акс ҳолда бу ишларга чек қўйган бўлишини айтган.

Бироқ, якшанба куни Bild газетаси Америка жосуслик хизмати манбаъсидан иқтибос келтиришича, Миллий Хавфсизлик Агентлиги раҳбарининг шахсан ўзи Президентга 2010 йил Меркел хонимни нишонга олган махфий дастур борасида ахборот берган.

"Обама амалиётни тўхтатмади, аксинча давом этишига қўйиб берди", дейилади газетада берилган иқтибосда.

Меркел хонимнинг рақами 2013 йилда ҳам кузатув рўйхатида бўлган.

Жума куни Олмония ва Франция Қўшма Штатлар билан йил охирларида жосуслик қилмаслик юзасидан келишув имзолаш ниятида эканларини билдиришган.

Миллий Хавфсизлик Агентлиги нафақат Ангела Меркелнинг, балки Олмония ва Франция фуқаролари тарафидан қилинган миллионлаб телефон қўнғироқларини эшитгани ҳақида даъволар ҳам бор.