Волгоградлик 'ҳижобли' худкуш ҳужумчи сурати атрофидаги саволлар

21 октябр куни Россиянинг Волгоград шаҳридаги автобусда портлаш рўй берганидан кейин олти инсон ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Бу портлашни худкуш ҳужумчи аёл содир этгани хабар қилинганидан кўп ўтмай Россия телеканалида гумон қилинган аёлники деб айтилган паспортнинг фотосурат ёпиштирилган саҳифаси намойиш ҳам этилди.

Бироқ бу фотосурат дарҳол одамларда саволларни пайдо қилди, айниқса, рус тилидаги Интернет саҳифалари ва ижтимоий медиа сайтлар ушбу мавзу муҳокамаси билан “қайнаб кетди”.

Бошида Наида Асиялованинг паспорти биринчи саҳифаси экани айтилган сурат Россия аксилтеррор қўмитасининг Твиттер аккаунтида эълон қилингани маълум бўлди.

Ва бу паспорт портлаш жойида топилгани хабар қилинди.

Социал тармоқдагилар дарров “бу қанчалик мустаҳкам паспорт эканки, шунчалик кучли портлашда ҳам шикастланмапти”, деган саволларни билдиришди.

Сал ўтиб эса Россия қонунлари бўйича ҳижоб ўраб паспорт учун суратга тушиш тақиқлангани ёдга тушди.

Интернетдаги блогларда Доғистонда туғилган Наида Асиялова Волгоградгача бўлган «шунча узоқ масофага портловчи моддаси билан етиб бориши мумкинмиди» деган савол қўйилди.

Орадан бироз вақт ўтиб эса Россиянинг 1-канали бошқа, рангли суратли паспортни намойиш этди.

Бу суратдаги паспорт шикастланган, ундаги исм, фамилия, туғилган вақти ва туғилган жойи ўша-ўша, фақат Асиялованинг бошига ҳеч нарса ўралмаган.

Сохта сурат борасидаги саволлар кўпайгани учун Россия Тергов қўмитаси биринчи суратни тарқатмагани ҳақида эълон қилди.

Хабар қилинишича, биринчи сурат хавфсизлик хизматларининг шахсий делосидан олинган.

Асияловани таниб олиш учун хавфсизлик ходимлари унинг бошига «ҳижоб кийгизган”лар.

Россия терговчиларига кўра, ўзини портлатган пайтда худкуш ҳужумчи худди шундай кўринишда бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ